Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида шахмат бўйича ўтказилган “Qatar Masters-2024” халқаро турнири якунига етди.
Ўн олти кун мобайнидаги шиддатли курашларга бой бўлган турнирда мамлакатимизнинг 37 нафар шахматчиси “А” ва “В” гуруҳларида ўз омадларини синовдан ўтказди.
Кучлилардан ташкил топган “А” гуруҳида дунёнинг энг маҳоратли саналган 138 нафар шахматчиси қаторида юртимизнинг 15 нафар “ақл гимнастикаси” усталари дона сурган бўлса, “В” гуруҳида қатнашган турли давлатлардан Доҳага келган 140 нафар шахматчи орасида юртимизнинг 22 нафар ёш истеъдоди ғолиблик учун кураш олиб борди.
Кеча нуфузли турнирнинг сўнгги 9-тур ўйинлари сарҳисобига кўра, ғолиб ва совриндорлар номлари маълум бўлди.
“А” гуруҳидаги баҳсларда ФИДЕ байроғи остида турнирда иштирок этган Андрей Есипенко ғолибликка эришди. У баҳслар давомидаги 6 та турда ғалабага эришди, 3 та турда дуранг қайд этиб, 7,5 очко жамғаришга муваффақ бўлди. Кеча ўтган сўнгги 9-турда мусобақада биринчи рақамда таснифланган ҳиндистонлик Аржун Эригаиси билан муроса йўлини танлади.
Яна бир ўзига хос ҳолат. Есипенко турнир давомидаги 9 та турнинг ҳеч бирида мамлакатимиз шахматчилари билан рўбарў келмади.
Турнирнинг сўнгги 3 та турида кетма-кет ғалабага эришган маҳоратли шахматчимиз Нодирбек Абдусатторов 9 та турнинг 6 тасида ғалаба, 2 тасида дуранг, 1 тасида мағлубият билан 7 очкога эга бўлган тарзда қўшимча кўрсаткичларга кўра, 3-ўринни қўлга киритди. 9-турда Нодирбек Абдусатторов қора доналарда ҳиндистонлик Леон Люк Мендонкани доғда қолдирди.
Мусобақада биринчи рақам остида таснифланган Аржун Эригаиси охирги 3 та турда 2 та дуранг, битта ютуқ қайд этди. Умумий ҳолатда 5 та ғалаба, 4 та дурангга эришган ҳиндистонлик шахматчи 7 очко билан 2-ўриндан жой олди.
Мамлакатимиз шахматчиларидан Нодирбек Ёқуббоев ва Абдумалик Абдусалимов 6 очко билан 11 ва 16-ўринларни банд этди. Охирги тур ўйинларидан кейин Ортиқ Нигматов, Шамсиддин Воҳидов, Муҳиддин Мадаминов, Асрорбек Омонов 5,5 очко билан мусобақани якунлаган бўлса, Муҳаммадали Абдураҳмонов ва Ҳумоюн Бекмуродов 5, Алмас Раҳматуллаев, Саидакбар Саидалиев, Муҳаммадзоҳид Суяров 4,5, Афруза Ҳамдамова ва Баҳром Баҳруллаев 4, Нилуфар Ёқуббоева 1,5 очко жамғарди.
“Qatar Masters-2024” баҳсларида 7 та шахматчи 9 та турнинг ҳеч бирида мағлубиятга учрамаган бўлса, улар орасида ҳамюртларимиздан Абдумалик Абдусалимов борлиги эътиборлидир. Абдусалимов 9 та турнинг 3 тасида муваффақият қозонган бўлса, 6 тасида дурангга эришди.
Худди шунингдек, ушбу турнирда ёшлар ўртасида жаҳон чемпиони Афруза Ҳамдамова 2 марта WGM нормасини бажаришга муваффақ бўлди. Асрорбек Омонов мусобақадаги ўзига хос иштироки ва кўрсаткичлари эвазига ФИДЕнинг IM норма талабларини бажариб, “халқаро мастер” унвонини қўлга киритди.
“Qatar Masters-2024” турнирининг “В” гуруҳидаги баҳсларда 140 нафар шахматчилари орасида терма жамоамиз аъзоси Самандар Шермуҳаммадов муносиб натижага эришди. У поёнига етган мусобақада 7 очко жамғариб 2-ўринни эгаллади. 7-турда ҳамюртимиздан устун келган ливиялик Юсеф А.Альхассади 8 очко билан мазкур гуруҳда ғолибликка эришди.
Самандар Шермуҳаммадовнинг 8-турда оқ доналарда хитойлик Мингрен Хонгни мағлуб этиши, 9-турда қора доналарда ироқлик Альбадри Абд Ал Саттар билан тенг келиши туфайли совриндорлар қаторидан ўрин олди.
Турнир низомига мувофиқ, “A” гуруҳида 1-ўринни эгаллаган Андрей Есипенко 25 минг АҚШ долларига эга чиқди. 2-ўрин соҳиби 15 минг, 3-ўринни банд этган шахматчи 10 минг АҚШ доллари билан тақдирланди.
Мусобақада 10-ўрингача жой олган иштирокчилар белгиланган пул мукофотлари соҳиблари бўлди.
Доҳада шахмат ишқибозларига катта ҳаяжон ва завқ тортиқ этган ўйинларнинг “иккинчи жанги” АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида рапид ва блиц йўналишларида навбатдаги жаҳон чемпионатида янги поғонада давом этса ажаб эмас. Жорий йилнинг 26-31 декабрь кунлари ўтадиган мазкур жаҳон чемпионатида дунёнинг энг кучли 300 нафарга яқин гроссмейстерлари қаторида мамлакатимизнинг олтин авлод вакиллари Нодирбек Абдусатторов, Жавоҳир Синдоров, Шамсиддин Воҳидов, Жаҳонгир Воҳидов, Муҳиддин Мадаминов ва аёллар ўртасидаги баҳсларда Афруза Ҳамдамова иштирок этади.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йил декабрь ойининг сўнгги кунларида Польша пойтахти Варшава шаҳрида ўтган жаҳон чемпионатида Нодирбек Абдусатторов 17 ёшида дунёнинг энг кучли шахматчиларини мағлуб этиб, рапид йўналишида жаҳон чемпионлигига эришганди.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА