Франциянинг Париж шаҳрида Ўзбекистон таҳлил марказлари делегацияси “Марказий Осиёдаги интеграция жараёнларининг долзарб масалалари ва Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги мулоқотни кенгайтириш” мавзусидаги давра суҳбатида иштирок этди. Ташриф доирасида европалик ҳамкорлар билан қатор учрашувлар ўтказилди.
Тадбир “Тараққиёт стратегияси” маркази, Ўзбекистон Республикасининг Франциядаги элчихонаси ҳамда Европа ривожланиш ва хавфсизлик институти (IPSE) ҳамкорлигида ташкил этилди.
Давра суҳбатида Ўзбекистон ва Франциянинг етакчи таҳлил марказлари вакиллари, дипломатлар, сиёсатчилар ҳамда Европанинг турли мамлакатларидан 40 га яқин халқаро экспертлар қатнашди.
Халқаро тадбирда, шунингдек, Ўзбекистон экспертлар ҳамжамиятидан “Тараққиёт стратегияси” маркази, Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази, Марказий Осиё халқаро институти ва Ташқи сиёсий тадқиқотлар маркази раҳбарлари ва етакчи таҳлилчилари маъруза қилишди.
Жумладан, Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги муносабатларнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари, шунингдек, “Ўзбекистон- Европа Иттифоқи” форматидаги ҳамкорлик тўғрисида маълумот бериб ўтилди. Турли соҳалардаги ўзаро манфаатли алоқаларни янада ривожлантиришнинг асосий йўналишлари билан боғлиқ масалалар ёритиб берилди.
Бугунги кунда Марказий Осиёда кечаётган минтақавий ҳамкорлик ва интеграциянинг ривожланиши, хусусан, минтақавий ҳамкорлик институтсионаллашувининг истиқболлари ҳамда “Марказий Осиё плюс” форматидаги кўп томонлама ҳамкорлик масалаларига тўхталиб ўтилди.
Ўз навбатида Франция томони Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларга катта қизиқиш билдириб, Европа Иттифоқи ва унга аъзо давлатлар учун мамлакатимиз билан ҳамкорликни янада жадаллаштириш муҳимлигини таъкидлади, дейилади “Тараққиёт стратегияси” маркази маълумотида.
Жумладан, Европа ривожланиш ва хавфсизлик институти директори Э.Дюпюи Ўзбекистон Франциянинг Марказий Осиёдаги муҳим ҳамкори эканлигини ва икки томонлама сиёсий, иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётганлигига эътибор қаратди.
IPSE раҳбарининг сўзларига кўра, Ўзбекистонда сўнгги йилларда ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда, мамлакат очиқ ва мувозанатли ташқи сиёсат юритмоқда ҳамда Марказий Осиё минтақасида хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашда муҳим рол ўйнамоқда.
Тадбир якунида Франция ва Европанинг бошқа мамлакатларидан ташриф буюрган сиёсий ва иқтисодий доиралари вакиллари Ўзбекистоннинг етакчи таҳлил марказлари ва таълим муассасалари билан ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдор эканликларини билдирдилар.
М. Ҳожиакбарова, ЎзА