Transfermarkt Франция чемпионатида тўп сураётган футболчиларнинг янгиланган трансфер нархларини эълон қилди. Унга кўра, Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов Ўзбекистоннинг энг қиммат футболчисига айланди.
Трансфер нархларининг янгиланиши ортидан ҳозирда «Ланс” клубида фаолият юритаётган Абдуқодир Ҳусановнинг трансфер баҳоси 12 миллион еврони ташкил этмоқда.
Айтиш лозим, миллий терма жамоамиз ҳимоячиси бу мавсум ўзига бўлган ишонч ва маҳорати туфайли «Ланс» клубининг асосий футболчисига айланди.
Ҳусанов бир неча марта ўтказилган ўйинларнинг энг яхши ёки камида энг яхши футболчилардан бири, деб топилди.
Бундан ташқари, октябрь ойида Абдуқодир Ҳусанов Франция чемпионатининг энг яхши ёш футболчиси деб топилди.
Ҳусанов айни пайтда Франция чемпионатидаги марказий ҳимоячилар орасида 21-ўринни банд этган бўлса, 21 ёшгача бўлган марказий ҳимоячилар ўртасида 2-ўринни эгаллаб турибди. Абдуқодир Ҳусановнинг ушбу кўрсаткичи ўз навбатида уни Ўзбекистоннинг энг қиммат футболчисига айланишига олиб келди.
Бу ўзбек футболи тарихидаги иккинчи натижага айланди. 2021 йил Элдор Шомуродов «Рома»га ўтганидан кейин унинг трансфер нархи 14 миллион еврога баҳоланган эди.
Т.Рўзиев,
ЎзА