Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мутасаддилари Африка давлатларида юқори қўшилган қийматга эга интеграциялашган саноат объектларини лойиҳалаш, молиялаштириш, қуриш ва ишлатишга ихтисослашган “Arise IIP” компанияси бош директори Анимеш Ахаскар билан учрашди.

Мулоқот жараёнида мазкур компания билан ҳамкорликда мамлакатимиз аграр тармоғида амалга ошириш мумкин бўлган йўналишлар, ҳамкорликда йўлга қўйиладиган лойиҳаларнинг истиқболлари ҳақида фикр алмашилди.

Дастлаб, мамлакатимизда етиштириладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажми, қўшилган қиймат занжирини яратиш мақсадида уларни қайта ишлаш учун мавжуд имкониятлар ҳамда фермер хўжаликлари ва кластерлар фаолияти, шунингдек, юртимизда инвесторлар учун яратилган имкониятлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Шундан сўнг жаноб Анимеш Ахаскар компания фаолияти ҳақида сўз юритар экан, Африка давлатлари, хусусан, Саудия Арабистони ва унга қўшни давлатларда амалга оширган йирик лойиҳалари ҳақида тўхталиб, Ўзбекистон билан ҳам ҳамкорликда бу каби лойиҳаларни амалга оширишга тайёр эканини билдирди.

Маълумот ўрнида таъкидлаш керакки, компания сўнгги йилларда Африка мамлакатларида саноат камчиликларини аниқлаш, етиштирилган маҳаллий хомашёни қайта ишлаш, экспорт ҳажмини ошириш ва савдони янада қулайлаштириш учун мослашувчан ечимларни ишлаб чиқиш бўйича анча машҳурликка эришган.

Учрашув сўнгида томонлар ўзаро ҳамкорликда амалга ошириш мумкин бўлган истиқболли лойиҳалар пакетини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш бўйича иш олиб боришга келишди.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА