Мактаб биноси фойдаланишга топширилди

Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 25 декабрдаги “2024 – 2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан 2024 йилда ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида Тўрткўл туманида бир қанча ижтимоий объектлар қурилиши амалга оширилди.

Икки миллиард икки юз миллион сўм маблағ ҳисобига “Наврўз” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 63-сонли умумтаълим мактабнинг янги биноси фойдаланишга топширилди. Шу муносабат билан ўтказилган тантанали маросимда сўзга чиққанлар мактаб жамоаси ва ўқувчи ёшларни замонавий бино билан қутлади.

Ҳозирда ушбу билим даргоҳида 550 нафар ўқувчи таълим-тарбия олаётган бўлиб, янги бинода улар учун барча имкониятлар яратилган.

Ғолиблар тақдирланди  

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 32 йиллиги муносабати билан суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари иштирокида Нукус шаҳрида ўтказилган “Заковат” интеллектуал ўйинида Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги жамоаси ғолиб бўлди.

Билимлар баҳсида 15 та жамоа иштирок этди. Якунида Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги жамоаси биринчи, Маъмурий суди жамоаси иккинчи, фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати жамоаси учинчи ўринни қўлга киритди.

Ғолиб жамоа аъзолари ташкилотчилар ва ҳомийларнинг қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.

Ноқонуний уланиш ҳолати фош этилди  

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл тумани бўлими томонидан ўтказилган навбатдаги терговга қадар текширувда энергия ресурсларига ноқонуний уланиш ҳолати фош этилди.

Жумладан, “Шаббаз” овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги хонадонда яшовчи фуқаро С.Ю. ўз уйида газ ҳисоблагич ускунасидан ташқари газ тармоғига яширинча уланиб, жами 129,4 миллион сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланганлиги аниқланди.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракати ўтказилмоқда.

Довуд Абибуллаев,  

ЎзА мухбири