Халқнинг эрки ва озодлиги улуғланган қўшиқ

250

Қорақалпоғистон Республикасининг шаҳар ва туманларида, меҳнат жамоаларида, ўқув юртларида Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси қабул қилинганлигининг 32 йиллигига бағишланган тадбирлар бўлиб ўтмоқда.

Aжиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтининг барча аудиторияларида дарслар давлат мадҳияси ижроси билан бошланди.

Ўтказилган тадбирда таъкидланганидек, дунёдаги ҳар қандай мустақил юрт ўзининг рамзларига, шу жумладан, давлат мадҳиясига эга. Мадҳия ҳақида сўз борганда, у анъанавий характердаги қўшиқни тантанали равишда бажариш маъносини англатади. Шу сабабдан, бу ижрода халқнинг эрки ва озодлиги улуғланган. Мадҳия айтилганда давлатларнинг байроғи ҳилпирайди, халқ тўлқинланади. Шундай экан, герб, байроқ ва мадҳия халқнинг, давлатнинг тинчлигини, бирдамлигини ва ҳамжиҳатлигини ифодаловчи рамзлардир.

1992 йил 10 декабр куни “Ўзбекистон Республикасининг давлат мадҳияси тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди. Бу йил ушбу санага 32 йил тўлмоқда.

Учрашувда сўзга чиққан профессор-ўқитувчилар, талаба-ёшлар жаҳон давлатлари мадҳияларининг пайдо бўлиш тарихи, бир-биридан фарқли жиҳатлари, Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳиясининг шаклланиш тарихи, бугунги кундаги аҳамияти, бу борада қонунчиликда белгиланган меъёрларнинг мазмуни ҳақида иштирокчиларга кенг маълумот берди. Шунингдек, давлат мадҳияси ёшларда ватанга муҳаббат, бой тарихимизга, миллий ўзлигимизга чуқур ҳурматни шакллантиришда, фарзандларимизнинг ҳар томонлама баркамол ва етук инсонлар бўлиб етишишида катта аҳамиятга эга экани таъкидланди.

Давлатимиз мадҳиясида қайд этилганидек, “Улуғ халқ қудрати жўш урган замон,Оламни маҳлиё айлаган диёр!”

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири