Қорақалпоғистон Республикаси хабарлари – қисқа сатрларда

264

Танқидий муҳокама қилинди

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосари И.Адҳамов раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ Қорақалпоғистон Республикасида “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури ижросини ўрганмоқда.

Хусусан, ишчи гуруҳ Қораўзак туманидаги олис ҳудудда яшовчи оғир тоифадаги оилалар турмуш тарзини ўрганиб, “Яшил макон” умуммиллий дастури доирасида хонадон томорқасига кўчат экиш тадбирларида иштирок этди. Ўрганиш давомида аниқланган ҳолатлар Қорақалпоғистон Республикаси прокуратурасида масъул идора вакиллари иштирокида танқидий муҳокама қилинди.

Қарор ижроси таъминланмоқда

Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 24 сентябрдаги “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Мажбурий ижро бюроси Aмударё тумани бўлими томонидан “Тошқалъа” овул фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи беш нафар оиланинг ҳолидан хабар олинди.

Уларга кўмир ва бирламчи истеъмол озиқ-овқат маҳсулотлари билан ёрдам кўрсатилиб, оила аъзоларини касбга йўналтириш бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, кўрсатилган амалий ёрдам натижасида ушбу ҳудудда яшовчи фуқаро Наргиза Aбдужамилова Қорақалпоғистон Республикаси хотин-қизлар тадбиркорлик марказининг ўқув курсига жойлаштирилиб, “Тикувчилик асослари” йўналиши бўйича махсус сертификат олди.

Ноқонуний уланиш ҳолатлари аниқланди

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Қорақалпоғистон Республикаси Бўзатов ва Тахиатош тумани бўлимлари томонидан ўтказилган терговга қадар текширувларда энергия ресурсларига ноқонуний уланиш ҳолатлари фош этилди.

Жумладан, ушбу туманлар электр тармоқлари корхоналари ходимлари билан ҳамкорликдаги тадбирда фуқаролар А.А. ва Б.Д. ўзларига тегишли хонадонларда пайвандлаш ва бошқа ускуналарни электр тармоқларига ҳисоблагичдан ташқари тўғридан-тўғри улаб, жами 353,2 миллион сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганликлари аниқланди.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Довуд Абибуллаев,

ЎзА мухбири