“Нуроний” жамғармаси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 25 ноябрдаги “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурини амалга оширишга фаол нуронийларни жалб этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлашга бағишланган учрашув бўлиб ўтди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ўринбосари Р.Сапарбаев, Ўзбекистон Республикаси “Нуроний” жамғармаси раисининг биринчи ўринбосари Ш.Убайдуллаев, Қорақалпоғистон Республикаси “Нуроний” жамғармаси бўлими раиси Т.Абдижаббаров сўзга чиқиб, қарорнинг мазмун-моҳиятига, кекса авлод вакилларининг билим ва тажрибасидан фойдаланган ҳолда оилаларни камбағалликдан чиқариш тизимини жорий этиш ҳамда “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурини амалга ошириш жараёнига фаол нуронийларни жалб этиш ва уларнинг имкониятларидан самарали фойдаланиш масалаларига тўхталди.

Учрашувда ҳар бир маҳалла фуқаролар йиғинида катта ҳаётий тажрибага эга бўлган эътиборли, ибратли уч фаол нуронийни уларнинг имкониятларидан самарали фойдаланиш мақсадида беш камбағал оилага бириктириш орқали уларни камбағалликдан чиқаришга кўмаклашиш ҳамда маҳаллаларда соғлом турмуш тарзини, ижтимоий-маданий ҳаёт даражасини ташкил этиш ижтимоий фаоллигини ошириш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди. Жумладан, жойларда хонадон томорқасидан самарали фойдаланиш, уларда юқори даромадли экин турлари экилишини ташкил этиш, экинларни парваришлаш кўникмасини шакллантириш ҳамда етиштирилган маҳсулотларнинг реализация қилинишига кўмаклашиш, оилани даромадли қилиш учун кўчма дўкон, кичик ишлаб чиқариш ускуналари ва бошқа зарур техника воситаларини бўлиб тўлаш шарти билан ижарага олишга ёрдамлашиш зарурлиги қайд этилди.

Шунингдек, камбағал оила фарзандларини, уларнинг қизиқишларидан келиб чиқиб, маҳаллалардаги ҳунарманд ва усталарга шогирдликка бириктириш, ушбу оилаларнинг таълим муассасаларида ўқиётган фарзандларини ўқув жиҳозлари ва қуроллари ҳамда спорт кийимлари билан таъминлаш, уларнинг қўшимча дарслар ва тўгаракларга қатнашишини ташкил этиш муҳим аҳамият касб этади.

Тадбирда маҳаллаларда соғлом турмуш тарзини, жумладан, пиёда юриш маданиятини тарғиб қилиш, кекса ёшдаги фуқаролар учун мос келадиган спорт тадбирларини ташкил этиш, уларни жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишга жалб этиш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Тадбир иштирокчилари қарор ижросини таъминлаш юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА