Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасида 9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши кураш куни муносабати билан “Биз биргаликда коррупцияга қаршимиз” шиори остида профилактик учрашув бўлиб ўтди.
Очиқ мулоқот кўринишида бўлиб ўтган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси шахсий таркиби, прокуратура, суд органлари, Давлат хавфсизлик хизмати, Адлия вазирлиги ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
“Аксилкоррупция ҳафталиги” доирасида ташкил қилинган мазкур тадбирда сўзга чиққанлар божхона ходимларининг коррупция жиноятига қўл урмаслиги, тамагирлик ва порахўрлик иллатларидан сақланиши юзасидан фикр-мулоҳазалар билдириб, коррупция иллатига қарши курашишга ҳар бир фуқаро, ҳар бир ходим масъул эканлиги қайд этилди.
Таъкидлаш жоизки, божхона расмийлаштируви ва назоратида инсон омилини камайтириб, божхона тизимидаги коррупцион ҳолатларнинг олдини олишда тизимнинг рақамлаштирилганлик даражаси ҳам муҳим аҳамият касб этади. Сўнгги икки йилда божхона органлари фаолиятига 23 та янги ахборот тизими, 14 та янги электрон хизмат ва 9 та янги мобиль илова жорий этилиб, соҳада коррупцион ҳолатларини келтириб чиқариши мумкин бўлган имкониятларнинг олди олинди.
Биргина Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси томонидан жорий йилнинг ўтган даврида ходимлар томонидан салбий хатти-ҳаракатлар содир этилишининг олдини олиш мақсадида умумий тартибда 98 маротаба, якка тартибда 108 маротаба профилактик тарбиявий ишлар олиб борилди. 2024 йил давомида ўз хизмат вазифаларига нисбатан совуққонлик билан қараб, муқаддас бурчини тўлақонли бажармаган ходимларга нисбатан ўтказилган 13 та хизмат текшируви натижасида 15 нафар ходимга нисбатан интизомий жазо чораси қўлланилди.
Бу каби тадбирларнинг ўтказилиши тизим ходимларининг ўз хизмат вазифаларига виждонан ёндашиб, юртимиз равнақи йўлида сидқидилдан хизмат қилишига ҳамда божхона соҳасининг юртбошимиз таъбири билан айтганда, “Коррупциядан ҳоли тизимга айланиши”га замин яратади.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири