Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалидa Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 32 йиллигига бағишланган тадбир ўтказилди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси Конституциявий назорат қўмитаси раиси П.Айтниязов, Қорақалпоғистон Республикаси прокурорининг катта ёрдамчиси Г.Алеўова, Қорақалпоғистон Республикаси судининг судья катта ёрдамчиси Н.Нуримбетов ва бошқалар сўзга чиқиб, йиғилганларни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганига 32 йил тўлиши муносабати билан қутлади.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси мамлакатимиздаги ҳуқуқий тартиб, ижтимоий адолат ва давлат мустаҳкамлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этадиган ҳужжат ҳисобланади. У нафақат мамлакатнинг асосий ҳуқуқий меъёрларини белгилаб беради, балки инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишдаги муҳим механизми сифатида хизмат қилади.

Конституциянинг қабул қилиниши мамлакатнинг тараққиёти ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги қўлланилган аниқ чора-тадбирларнинг асоси бўлди. Унинг қабул қилиниши Ўзбекистон тарихидаги муҳим воқеа бўлиб, халқимизнинг демократия, ҳуқуқий давлат барпо этиш йўлидаги интилишларини янада мустаҳкамлади.

Шу нуқтаи назардан сўзга чиққанлар Конституциянинг мазмун ва моҳиятини аҳоли, шу жумладан, ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилиш, унинг қоидаларини жамиятга таништириш муҳимлигини таъкидлаб, унга киритилган ўзгариш ва қўшимчаларга тўхталиб ўтди. Шунингдек, мамлакатимизнинг ислоҳотлар йўлидаги қадамларининг самарадорлигини ошириш учун Конституциянинг амалдаги қоидаларига риоя қилиш, унинг асосий принципларига амал қилиш зарурлигини, Бош қомусимизнинг давлат органлари, суд ҳокимияти ва фуқаролик ҳуқуқлари билан боғлиқ бандларига чуқур эътибор қаратиш кераклигини таъкидлади.

Тадбирда ёшлар Конституциянинг жамият тараққиётидаги роли ва аҳамияти ҳақида ўз фикр ва қарашларини билдирди. Бу каби тадбирлар ёшларнинг Конституцияга бўлган ҳурматини янада оширишга ва уларни мамлакатимизнинг ҳуқуқий жараёнларига фаол жалб қилишга хизмат қилади.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири