Ўзбекистон Миллий кутубхонаси мутасаддилари Боку шаҳрида Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар Миллий кутубхона директорлари йиғилишида иштирок этмоқда.
Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар нуфузли кутубхоналари раҳбарлари ўртасида бўлиб ўтаётган йиғилишда соҳада халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш, илмий-амалий тажриба алмашиш, мутолаа маданиятини янада ривожлантириш, кутубхоначилик соҳасида тажриба алмашиш, архив, фонд ишини юритиш ва виртуал ўқитиш залларини инновацион юритиш борасидаги фикр ва таклифлар таҳлил қилинди.
Шунингдек, ТУРКСОЙ ташкилоти Бош котиби Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Туркия, Венгрия халқларининг миллий, маънавий-ахлоқий қадриятларини асраб-авайлаш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, туркий маданият ва меросни бутун дунёга тарғиб қилишда кутубхоналар ўртасидаги алоқалар мустаҳкамлиги муҳим аҳамиятга эгалигини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Тадбир давомида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори Умида Тешабоева мамлакатимизда кутубхоначилик йўналишида амалга оширилган ислоҳотлар ва имкониятлар ҳақида тўхталди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА