Жамоатчилик коррупция ҳақида хабар беришга қай даражада тайёр эканини баҳолашга қаратилган тадқиқот ўтказилди.
Тадқиқот натижаларига кўра, жамоатчилик кўпинча коррупцияни порахўрлик ва қариндош-уруғчилик, деб тушунади.
50 фоиздан ортиқ респондентга кўра, коррупция – бу мансабни суиистеъмол қилиш ва қариндош-уруғчилик, 40 фоиздан камроғи учун эса қимматбаҳо совғалар беришдир.
Аксарият кишилар совға беришни коррупция эмас, балки миннатдорчилик деб билади.
Пора олиш (88,4 фоиз) ва пора бериш (68,4 фоиз) кўпчилик томонидан қораланади, аммо яхши хизмат учун кичик совғалар одатийдек қабул қилинади.
Респондентларнинг 74 фоизи коррупция ҳолатлари ҳақида хабар беришга, жумладан, 82,2 фоизи электрон платформа ёки мобил илова орқали хабар беришга тайёр.
12 фоиз респондент коррупция ҳақида хабар беришни салбий ҳолат, деб ҳисоблайди.
Хабар бермасликнинг асосий сабаблари сифатида коррупциядан ўзлари манфаатдорлиги (19,8 фоиз) ва кимга мурожаат қилишни билмаслик (20,4 фоиз) қайд этилган.
Сўралганларнинг ярми хабар бериш оқибатларидан қўрқади, 13,8 фоизи эса миннатдорчилик белгиси сифатида ўзи хоҳлаб пул беришини таъкидлаган.
Респондентларга кўра, «Суюнчи», «тўёна», «раҳмат» кабилар ҳам фақатгина миннатдорлик, ҳурмат ва қўллаб-қувватлаш учун ихтиёрий тарзда амалга оширилади.
64 фоиз респондент коррупцияга қарши курашувчи идораларга ишонади.
Мазкур тадқиқот Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда Корея Республикаси Коррупцияга қарши курашиш комиссияси, БМТ Сеул сиёсат маркази ва Европа Иттифоқи ҳамкорлигида ўтказилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА