Ар-Риёд шаҳрида бўлиб ўтаётган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти чўлланишга қарши кураш тўғрисидаги конвенцияси Томонлар конференцияси (COP-16)нинг 16-сессияси доирасида қатор муҳим учрашувлар ўтказилди.

Улардан бири Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Алишер Шукуров, ФАОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакиллари ва Ислом тараққиёт банкининг операциялар бўйича вице-президенти Аннасс Аиссами ўртасидаги учрашув бўлди.

Муҳокамалар муҳим глобал муаммоларга ечим излашда ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва шерикчиликнинг янги истиқболларига қаратилди. Хусусан, қишлоқ хўжалигини механизациялаш, иқлим ўзгаришига қарши кураш чораларини кучайтириш ва барқарор қишлоқ хўжалиги учун илғор ечимларни яратиш бўйича тадқиқотларни илгари суриш масалалари эътибор марказида бўлди.

Анжуман 13 декабрга қадар давом этади. Муҳокамалар 2030 йилгача деградацияга учраган ерларни тиклаш, қурғоқчилик ва қум-чанг бўронларига чидамлиликни ошириш ва озиқ-овқат хавфсизлиги каби асосий масалаларга эътибор қаратилмоқда.

Шунингдек, иқлим ўзгаришига қарши кураш ва биохилма-хилликни сақлашда ернинг ролини кучайтириш, янги иқтисодий имкониятларни очиш, жумладан, ердан фойдаланиш йўналишида ёшлар учун муносиб иш ўринларини яратиш масалалари ҳам кўриб чиқилмоқда.

Б.Худойбердиев, ЎзА