Германия канцлери Олаф Шольц ва Франция президенти Эммануэль Макрон телефон орқали мулоқот чоғида Суриянинг янги ҳукуматлари билан ҳамкорлик қилишга тайёр эканликларини маълум қилишди. Бу ҳақда Германия ҳукумати матбуот котиби Штеффен Хебештрайт маълум қилди.

Унга кўра, Шолц ва Макрон Суриянинг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини сақлаш муҳимлигини таъкидлаган. 

– Икки лидер ҳам Европа Иттифоқининг Суриядаги иштирокини кучайтириш, жумладан, Сурияда инклюзив сиёсий жараённи қўллаб-қувватлаш учун биргаликда ишлашга келишиб олди, -дея қўшимча қилди Хебештрайт.

Эслатиб ўтамиз, куни кеча Суриядаги қуролли мухолифат вакиллари Дамашқда давлат телевидениесини қўлга киритиб, мамлакат устидан назорат ўрнатганликларини эфирда эълон қилишди.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги Сурия президенти Башар ал-Aссад можаронинг бир қатор иштирокчилари билан музокаралардан сўнг ўз лавозимини топшириб, мамлакатни тарк этгани, Россия эса бу музокараларда умуман иштирок этмагани ҳақида хабар берди.