Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлиги ва Давлат мадҳияси тасдиқланганининг 32 йиллигига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. Мазкур йиғин юртимизнинг Қозоғистондаги Бош консуллиги ва Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси (ЎЁУА) томонидан ташкил этилди.

Тадбирда дипломатлар, ёшлар етакчилари, Қозоғистонда таҳсил олаётган ўзбек талабалар, шунингдек, меҳнат мигрантлари ва бошқа ватандошлар қатнашди.

Дастур доирасида Конституция ва мадҳиянинг Ўзбекистон фуқаролари ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди. Шу билан бирга иштирокчилар она юрт ва унинг анъаналарига ҳурмат кўрсатиш белгиси сифатида давлат мадҳиясини билиши ҳамда уни ижро этиши муҳимлигини қайд этишди.

Байрам меҳмонларга хуш кайфият бахш этган концерт дастури билан якунланди.

А.Алимова тайёрлади.

ЎзА