![](https://cdn.uza.uz/2024/12/06/11/37/aQ1OKyikoEfgPDhjaENzpzfnMg9wJQMU_front.jpg)
Бугун, 6 декабрь куни Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида шахмат бўйича давом этаётган “Qatar Masters-2024” турнирининг 4-турида ҳамюртларимиздан Нодирбек Абдусатторов қора доналарда польшалик Оливия Киолбася билан, Шамсиддин Воҳидов оқ доналарда мўғулистонлик Сахар Ган-Эрдэнэ билан, Нодирбек Ёқуббоев оқ доналарда ҳиндистонлик Гутам Кришна билан куч синашади.
Бугунги турда биз учун эътиборли баҳслар Афруза Ҳамдамова – Саидакбар Саидалиев ва эронлик Пархам Магсудлу – Муҳиддин Мадаминов ўртасида бўлиб ўтади.
![](https://cdn.uza.uz/2024/12/06/11/37/O1gg8khnYfJbzyrziWMBtkLTZbaOupQY_front.jpg)
Шунингдек, Абдумалик Абдусалимов – Салех Салим(БАА), Олмос Раҳматуллаев – Суя Шехар(Ҳиндистон), Мануэл Петросян(Арманистон) – Баҳром Баҳруллаев, Ортиқ Нигматов – Нгуен Нгок ўртасидаги ўйинлари ҳам ўзбекистонлик шахмат ишқибозлари эътиборидаги баҳслар сирасига киради.
Турнирда иккинчи рақам остида таснифланган Нодирбек Абдусатторов кеча ўтган 3-тур учрашувида илк ғалабасига эришди. Аввалига мағлубият, кейин дуранг қайд этган гроссмейстеримиз 3-турда оқ доналарда Индонезия вакили Алися Сливикани мағлубиятга учратди.
![](https://cdn.uza.uz/2024/12/06/11/37/hzubBLXexB2ecaleABCSSryKOhzPeJUi_front.jpg)
Биринчи турда имкониятни бой берган Нодирбек Ёқуббоев кетма-кет иккинчи ғалабасини тантана қилди. У қора доналарда эронлик Артин Ашрафдан устун келди.
Шамсиддин Воҳидов 3-турда қора доналарда ҳиндистонлик Адитя Дҳингра билан дуранг қайд этди. Ёшлар ўртасида жаҳон чемпиони Афруза Ҳамдамова бир ғалаба ва дурангдан кейин 3-турда мағлубият аламини тотиб кўрди. У қозоғистонлик Муртаз Кажгалеевга ютқазиб қўйди.
![](https://cdn.uza.uz/2024/12/06/11/37/2w2CfcgmBHYpvUKj682Qs790j8SGB8ru_front.jpg)
Турнирнинг биринчи тартиб рақамли шахматчиси ҳиндистонлик Аржун Эргаиси 1-турда ҳамюртимиз Муҳаммадали Абдураҳмоновни енгганди. Кеча у яна бир ёш шахматчимиз Саидакбар Саидалиевдан устун келди.
Пойтахтимизда ўтган “Президент кубоги-2024” ғолиби бўлган ҳиндистонлик Ниҳал Сарин 3-турда ҳамюрти Санкапл Гупта билан муросага келди ва илк бор очко йўқотди.
![](https://cdn.uza.uz/2024/12/06/11/37/rIzwy2sJXpKhMpwqC076FhTgH14bSMdp_front.jpg)
Учинчи турдан сўнг очко йўқотмаган 4 нафар шахматчи бугун 4-турда ўзаро рўбарў келади. Ўн тўрт нафар шахматчи ҳисобида 2,5 очко мавжуд бўлиб, улар орасида ҳамюртимиз Абдумалик Абдусалимовнинг борлиги совринли ўринларга даъвогарликдан умидимиз сўнмаганлигини англатади.
Абдумалик 2,5 очко билан қўшимча кўрсаткичларга кўра, ҳозирда 18-ўринни эгаллаб турибди. 2 очко жамғаришга муваффақ бўлган Нодирбек Ёқуббоев 31, Ортиқ Нигматов 32, Шамсиддин Воҳидов 34, Олмас Раҳматуллаев 38, Муҳиддин Мадаминов 46-поғонада бораётган вазиятда 1,5 очкога эга Нодирбек Абдусатторов 57-ўринда бормоқда.
Мукофот жамғармаси 94 250 АҚШ долларидан иборат турнир 12 декабрга қадар давом этади.
Т.Рўзиев, ЎзА