Мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш, давлат ва жамият қурилишининг барча соҳаларида коррупцияни келтириб чиқарадиган омилларга чек қўйишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар изчил амалга ошириб келинмоқда.
Коррупция ҳар қандай давлат ва жамиятнинг сиёсий-иқтисодий ривожланишига жиддий путур етказадиган, давлатнинг конституциявий асосларини ва қонун устуворлигини заифлаштирадиган, охир оқибатда инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг поймол бўлишига олиб келадиган иллатдир. Давлатимиз раҳбари 2023 йил 19 декабрда коррупцияга қарши курашиш соҳасида юксак халқаро мукофотни топшириш маросимидаги нутқида коррупция иллати тўғрисида тўхталиб, “Башарият тарихига назар солсак, коррупция иллати ҳатто энг қудратли ва энг кучли давлатларни ҳам жар ёқасига олиб келганига ва тўлиқ пароканда қилганига гувоҳ бўламиз. Коррупция бутун инсониятга, барча жамиятлар асосига, иқтисодий тараққиётга зарба берадиган, қонун устуворлигини бузадиган ва халқнинг давлат сиёсатига ишончини кескин сусайтирадиган, демократик институтлар ривожига тўсқинлик қиладиган хатарли таҳдиддир ва у барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш борасидаги режаларимизга ҳам жиддий путур етказади”, дея таъкидлаганди.
Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлигида ўтган “Очиқ эшиклар куни” давомидаги тадбирда шу ҳақда сўз борди.
Вазирликнинг тегишли бўлим ва бошқарма бошлиқлари, мутахассислар, спорт таълим муассасалари ва кенг жамоатчилик вакиллари, журналистлар иштирок этган тадбирда таъкидланганидек, барча соҳаларда бўлгани каби жисмоний тарбия ва спорт тизимида ҳам коррупцияга қарши курашиш, унинг профилактикаси борасида зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат дастурлари ва “йўл хариталари” асосида Спорт вазирлигида аниқ манзилли дастурлар ишлаб чиқилиб, белгиланган муддатларда амалга оширилиши таъминланмоқда.
Биргина манфаатлар тўқнашувини бошқариш борасида 432 нафар ходим, шундан 75 нафар марказий аппарат ходимлари, 357 нафар ҳудудий бошқарма ходимлари томонидан декларациялар тўлдирилгани, коррупцияга қарши курашишга оид талаб ва нормаларнинг бузилиши масалалари бўйича 3 та, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг тақдимномасига асосан 3 та хизмат текшируви ва 1 та тизим ташкилотида ўрганиш тадбирлари ўтказилди.
Тизим ташкилотлари ва спорт таълими муассасалари фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда назорат қилишда инсон омилини қисқартириш чоралари кўрилаётгани, давлат харидларини амалга ошириш тартиби, бўш иш ўринлари ҳақидаги маълумотлар очиқ маълумотлар сифатида вазирликнинг тегишли тармоқларга жойлаштириб борилаётгани, спортчи ва мураббийларнинг натижа ва кўрсаткичлари “ERP sport” ягона электрон бошқарув тизимига қўйилаётгани, 24 та йўналиш бўйича хизматлар босқичма-босқич амалиётга жорий этилаётгани соҳада шаффофликни таъминлаш асносида коррупциянинг олдини олишга қаратилгани айтиб ўтилди.
Яна бир гап. Ўтган 2023 йил якунларига кўра, Очиқлик индексида Спорт вазирлиги 47 балл билан “қизил” тоифага киритилганди.
Шундан сўнг Спорт вазирлигининг очиқлигини таъминлаш йўналишидаги фаолиятини яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди. Очиқ эълон қилиниши лозим бўлган маълумотларни расмий веб-сайтга жойлаштириш ишлари йўлга қўйилди. Натижада Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан жорий йилнинг 1 август ҳолатида Спорт вазирлиги очиқ маълумотларни эълон қилиш индексида юқори самарадорлик (97 %) кўрсатгани эътироф этилди.
“Очиқ эшиклар куни” тадбири давомида тегишли мутасаддилар, бўлим мутахассислари журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб берди.
Т.Рўзиев, ЎзА