Жорий йил 5 декабрь куни Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида ташкилий масалаларга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Йиғилишни Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов олиб борди.

Тадбирда сўнгги йилларда мамлакатимизда олий таълимни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, замонавий билим ҳамда кўникмаларга эга бўлган, креатив фикрлайдиган, ахборот технологиялари ва хорижий тилларни теран ўзлаштирган кадрларни тайёрлаш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар, уларнинг натижалари, келгуси вазифалар тўғрисида сўз юритилди.

Йиғилишда ташкилий масала кўриб чиқилиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли буйруғи асосида Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти ректори лавозимига Кувондик Айитбаевич Кадиров тайинланганлиги таъкидланди.

Кувондик Кадиров шу кунгача институтнинг ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори ҳамда институт ректори вазифасини вақтинча бажарувчиси лавозимларида фаолият юритган.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг буйруғи билан институтнинг ўқув ишлари бўйича проректори лавозимига тайинланган Мухтар Мамутович Ибрагимов жамоага таништирилди.

Мухтар Ибрагимов фаолияти давомида Қорақалпоқ давлат университетида ўқув ишлари бўйича проректор лавозимида, шунингдек, 2019-2024 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Фан, таълим, маданият, спорт ва ёшлар масалалари қўмитаси аъзоси сифатида фаолият юритган.

Тадбирда халқаро стандартлар асосида кадрлар тайёрлаш, халқаро ҳамкорликнинг самарадорлигини ва таълим сифатини ошириш, шунингдек, бакалавр таълим йўналишларини тегишли тартибда халқаро аккредитациядан ўтказиш бўйича келгусида амалга ошириладиган ишлар белгилаб олинди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири