Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги икки томонлама муносабатлар барқарор ривожланиб бормоқда. Халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасида фаол ҳамкорлик амалга оширилаётир. Олий даражада эришилган келишувларни бажаришда парламентлар ҳам муҳим ўрин тутмоқда.
Бу Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева ва Покистон Ислом Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Аҳмад Фарук учрашувида қайд этилди.
Томонлар икки мамлакат ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни чуқурлаштиришда муҳим ўрин тутадиган парламентлараро алоқаларни янада мустаҳкамлаш масалаларига эътибор қаратди.
Савдо, иқтисодиёт, инвестициялар, транспорт ва туризм каби устувор йўналишларда ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди. Томонлар мазкур соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашга ва ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини оширишга хизмат қилишини таъкидлади.
Икки мамлакат халқлари ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлашга, уларнинг бой тарихий-маданий мероси билан танишишга қаратилган қўшма маданий тадбирларни ўтказиш имкониятлари муҳокама қилингани учрашувнинг муҳим жиҳати бўлди.
Учрашув якунида Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги ҳамкорлик янада мустаҳкамланишига, икки давлат халқлари манфаатлари йўлида белгиланган режалар фаол амалга оширилишига ишонч билдирилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА