Баҳрайн пойтахти Манама шаҳрида Халқаро оғир атлетика федерацияси (IWF)нинг ўтказилган навбатдаги конгрессида 2024 йили Лос-Анжелесда ўтказиладиган навбатдаги ёзги Олимпия ўйинлари учун вазн тоифалари белгилаб олинди.

Ўзбекистон Республикаси спорт вазири ўринбосари, мамлакат оғир атлетика федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Шаҳрилло Маҳмудов иштирок этган конгрессда 2028 йилда бўладиган Олимпия ўйинларида оғир атлетикачилар 16 та вазн тоифасида кураш олиб бориши тасдиқланди. Шундан 8 таси аёллар ва 8 таси эркаклар вазн тоифаси.

Қайд этиш лозимки, янги Олимпия цикли учун танланган вазнлар, айниқса, «Лос-Анжелес-2028» учун белгиланган -88, -99 ҳамда -110 килограмм вазн тоифалари мамлакатимиз спортчилари учун қулай эканлиги эътиборлидир.

Айтиш лозим, бугунгача жаҳон ва қитъа чемпионатларида, Осиё ва Олимпия ўйинларида вазн ташлаш ҳисобига қатнашиб келган Акбар Жўраев, Руслан Нурудинов, Муҳаммадқодир Тоштемиров каби спортчиларимиз учун вазн тоифасидаги ўзгаришлар келгуси мусобақаларда натижадорликка эришишига йўл очиши билан қадрли бўлиши тайин.

Конгресс давомида Парижда ўтказилган ёзги Олимпия ўйинларида иштирок этган 120 нафар оғир атлетикачидан олинган допинг синамаларнинг бирортасида ҳам тақиқланган моддалар аниқланмагани айтиб ўтилди.

Таъкидлаш керакки, бундан аввал Токиода ўтган Олимпиадада ҳам оғир атлетика спортчиларида ҳеч қандай қоида бузилишлар аниқланмаганди.

Кетма-кет иккита йирик мусобақада бундай ижобий ўзгаришга эришилгани халқаро спорт ҳамжамияти ҳамда Халқаро Олимпия қўмитаси томонидан алоҳида эътироф этилди. Бу, келажакда оғир атлетика спорт тури Олимпия ўйинлари дастуридан мустаҳкам жой олишига ҳамда квоталар сонининг оширилишига хизмат қилиши билан аҳамиятли саналади.

Анжуманда оғир атлетика бўйича халқаро мусобақаларда фаолият юритадиган мураббийлар учун халқаро сертификат жорий этилиши маълум қилинди. Унга кўра, ҳар бир қитъада оғир атлетика академиялари ташкил этилади ва халқаро сертификатни олиш истагида бўлган мураббийлар айнан ушбу академияларда халқаро сертификатга эга бўлишлари мумкин бўлади.

Халқаро оғир атлетика академиялари Осиё қитъаси учун Хитойда, Европа қитъаси учун Озарбайжонда, Океания минтақаси учун Фижида, Америка қитъаси учун Кубада ва Африка қитъаси учун Мисрда ташкил этилиши назарда тутилган.

Конгресс жараёнида Ўзбекистон Республикаси спорт вазири ўринбосари, мамлакат оғир атлетика федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Шаҳрилло Маҳмудов бир қатор мамлакатларнинг спорт мутасаддилари, Халқаро оғир атлетика федерацияси ижроия қўмитаси аъзолари билан ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, мамлакатимизда ташкил этилиши кутилаётган нуфузли мусобақаларнинг техник-тактик жиҳатлари, қўшма ўқув-машғулот йиғинларини ўтказиш каби масалаларда фикрлашди. Манфаатли келишувларга эришилди.

Эслатиб ўтамиз, эртага 6 декабрдан Манама шаҳрида оғир атлетика бўйича катталар ўртасидаги навбатдаги жаҳон чемпионати баҳслари бошланади. 15 декабрга қадар давом этадиган чемпионатда Ўзбекистон терма жамоасининг 6 нафар аъзоси Ватанимиз шарафини ҳимоя қилади.

Т.Рўзиев, ЎзА