Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида ижро ҳокимияти органлари раҳбар кадрлари ва секторлар раҳбарлари учун ташкил этилган семинарда ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов иштирок этди.
Мазкур тадбир Президент Шавкат Мирзиёевнинг парламент палаталарида сўзлаган нутқлари, шунингдек, 2025 йил – “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” деб эълон қилиши муносабати билан белгилаб берилган устувор вазифалар ижросига қаратилган.
П.Бобожонов тингловчиларга жамоат хавфсизлигини таъминлаш, маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида сектор раҳбарлари томонидан амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар бўйича тўлиқ тушунча берди. Жумладан, олди олиниши лозим бўлган жиноятлар, аниқланиши лозим бўлган ҳуқуқбузарликлар ва маҳаллалардаги жиноятларини кескин камайтириш бўйича масъул раҳбарлар олдига қўйилган устувор вазифаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 30 ноябрдаги “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида маҳаллаларда ижтимоий профилактика тизими самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифаларга мувофиқ “Ижтимоий профилактика” объектларининг ҳар бир тоифалари билан алоҳида ишлаш бўйича керакли тавсиялар берилди.
Тадбирда “Хавфсиз оила” тамойили асосида белгиланган вазифалар, маҳалларда хавфсиз шароит яратиш бўйича ҳудуд тажрибалари, жиноятларни муҳокама қилиш тартиби, ёшлар билан ишлаш, куз-қиш мавсумида бажарилиши зарур бўлган топшириқлар ҳамда камбағалликни қисқартириш бўйича ечимини кутаётган муаммоларни бартараф этиш юзасидан маъруза ва интерфаол усуллар орқали тингловчиларнинг кўникмалари оширилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА