АОКАда Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси мутасаддилари иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди. Қайд этилишича, бугунги кунда ҳар бир маҳалланинг “Омбор” дафтари ишлаб чиқилган бўлиб, мазкур дафтарга мувофиқ, маҳалла инфратузилмасини яхшилаш бўйича ислоҳотлар амалга оширилган.
Қайд этилишича, 9 минг 452 та маҳаллада 2 минг 329 та меҳнат ярмаркаси ташкил этилган, 191 минг 366 нафар аҳолининг бандлиги таъминланган. 276 минг 652 та хонадон таъмирлаб берилган, 2 миллион 826 та хонадонда қўшимча даромад манбаи яратилган.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, ҳудудларда 856 минг 193 та камбағал оилада 4 миллион нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг 770,4 минг нафари ишсиз фуқаролардир. Ишсиз фуқаролардан 1 минг 761 нафари жамоат ишларига жалб этилган, 16 минг 559 та оилага нафақа тайинланган. 1 минг 763 нафар аҳолининг уй-жойи таъмирлаб берилган, 3 минг 599 нафар фуқарога 25,1 миллиард сўмлик субсидия ажратилган.
Шунингдек, жойларда камбағалликни қисқартириш мақсадида 4 минг 684 нафар фуқарога 40,3 миллиард сўм атрофида кредит ажратилган. 6 минг 645 та оилага 11,8 миллиард сўмлик моддий ёрдам кўрсатилган, 2 минг 729 нафар фуқаронинг шифохоналарда даволаниши учун кўмак берилган.
Миграцияда юрган фуқароларга ёрдам бериш мақсадида Тошкент шаҳри, Самарқанд, Навоий вилоятидан ташқари барча ҳудудларда 974 минг 269 нафар миграцияда юрган фуқаро хатловдан ўтказилган. “Миграция баланси” шакллантирилган ҳамда “Рақамли маҳалла” платформасига киритилган. Миграцияда қийин аҳволда қолган 418 минг 764 нафар фуқаро юртимизга қайтарилган ва улардан 210 минг 170 нафари ишга жойлаштирилган.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА