Тошкентда кадетлар ўртасида қиличбозликнинг шпага, сабля, рапира турлари бўйича ўтаётган Осиё кубогининг яккалик мусобақаларида илк совриндорлар номи аниқ бўлди.
Яккалик баҳсларининг биринчи кунида 104 нафар ёш қиличбоз иштирок этди. Унда шпага йўналишида ҳамюртимиз Озодбек Зайнобиддинов олтин медални қўлга киритган бўлса, Хитой Тайпейи вакили Руей Куан Лианг кумуш, қозоғистонлик Берик Оринбассар ва ҳамюртимиз Асилбек Ибодуллаев бронза медали билан тақдирланди.

Рапира беллашувларида Исра Ал Сияби (Ўмон), Алуа Муканова (Қозоғистон), Сабина Адашалиева ҳамда Зиёдахон Муродова (Ўзбекистон) шоҳсупага кўтарилди.
Сабля йўналишидаги ўғил болалар баҳсида икки юртдошимиз Артур Бекжанов ва Саидиброҳим Алимов олтин ҳамда кумуш медалига эга чиқди. Ушбу йўналишдаги бронза медаллари қозоғистонлик Канагат Шерим ва Заир Алимжоновга насиб этди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА