Жорий йилнинг 26-31 декабрь кунлари АҚШнинг Ньй-Йорк шаҳрида шахматнинг рапид ва блиц йўналишлари бўйича навбатдаги жаҳон чемпионати баҳслари бўлиб ўтади.

Куни кеча Халқаро шахмат федерацияси йилнинг энг муҳим шахмат баҳсларида иштирок этадиган иштирокчилар рўйхатини эълон қилди.

Эътиборли жиҳати, дунёнинг энг кучли 300 нафарга яқин гроссмейстери чемпионлик учун кураш олиб борадиган мусобақада мамлакатимизнинг 6 нафар шахматчиси – Нодирбек Абдусатторов, Жавоҳир Синдоров, Шамсиддин Воҳидов, Жаҳонгир Воҳидов, Муҳиддин Мадаминов ва аёллар ўртасидаги баҳсларда Афруза Ҳамдамова иштирок этиши қайд этилди.

ФИДЕ томонидан келтирилган рўйхатга назар ташласак, эркаклар ўртасидаги мусобақаларда 180 нафар, аёллар ўртасидаги беллашувларда 109 нафар шахматчи қайд этилган. Улар орасида ўтган йилги жаҳон чемпионатида рапид ва блиц йўналишида ғолибликка эришган жаҳоннинг энг юқори рейтингли ўйинчиси ва классик шахмат бўйича собиқ жаҳон чемпиони Магнус Карлсен ҳам бор. Шунингдек, жаҳон чемпионлиги учун Фабиано Каруана, Ян Непомняший, Ҳикару Накамура, Уэсли Со, Левон Аронян, Аржун Эригайси каби маҳорат эгалари дона суради.

Аёллар ўртасидаги чемпионлик жангларида классик шахмат бўйича амалдаги жаҳон чемпиони Жу Венжун, собиқ жаҳон чемпионлари Тан Чжунжи, Мария Музичук, Александра Костенюк, Чжу Чен қаторида қозоғистонлик Бибисора Асаубаева, грузиялик Нана Дзагнидзе, америкалик Ирина Круш, ҳамюртимиз, ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпиони Афруза Ҳамдамова каби маҳорат эгалари қатнашчилар рўйхатида келтирилгани йилнинг энг сўнгги шахмат баҳсларига қизиқишни янада оширмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил ҳамюртимиз Польша пойтахти Варшавада ўтган жаҳон чемпионатида Нодирбек Абдусатторов 17 ёшида дунёнинг энг кучли шахматчиларини мағлуб этиб, рапид йўналишида жаҳон чемпионлигига эришган эди.

Т.Рўзиев,  

ЎзА