Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Рябков Қўшма Штатлар ғарбдаги иттифоқчилари билан бирга РФ салоҳиятини етарли баҳоламаётганига эътибор қаратиб, Москва Вашингтоннинг ҳар қандай иғвогарона ҳаракатига жавоб беришидан огоҳлантирди.

– АҚШнинг ҳозирги маъмуриятига мурожаатимиз аниқ: бизга қарши ҳаракатга муносиб жавоб берамиз, – деди Рябков чоршанба куни Америка телевидениясига берган интервьюсида. – Бу таҳдид эмас, Россия мудом ўз манфаатини ҳимоя қилиш йўлини топади. Лозим бўлса, кучлироқ ҳарбий воситаларга мурожаат қилишдан бошқа чорамиз қолмайди.

Мазкур баёнот АҚШ ва НАТО бўйича иттифоқчилар Украинага узоқ масофага учадиган юқори аниқликдаги қуроллардан фойдаланишга рухсат бериши мумкинлиги, Америка ва Британия томонидан етказиб берилган ракеталар Курск ва Брянск вилоятларидаги РФ ҳарбий позицияларини нишонга олгани ҳақидаги баёнотлар пайдо бўлгандан сўнг янгради.

Дарвоқе, Россия ҳам жавобан биринчи марта Украина мудофаа саноати объекти – Днепрдаги “Южмаш” заводига зарба бериш учун энг янги “Орешник” – ядровий бўлмаган ўрта масофали баллистик ракеталардан фойдаланди.

Президент Владимир Путин ҳам “Ғарбнинг иғвогарона сиёсати можарони янада кучайтириши даҳшатли оқибатларга олиб келиши мумкин”лигини таъкидлаган.