Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Ф.Абдухолиқов бошчилигидаги маърифатпарвар олимлардан иборат делегация Буюк Британиянинг Кембриж шаҳридаги қатор илмий-маданий муассасаларда учрашув ва мулоқотлар ўтказди.

Мазкур учрашувда Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари ҳамда Халқаро ислом академияси раҳбарлари, олимлар иштирок этди.

Кембриждаги Пембрук коллежида Шарқ бадиий адабиётининг ноёб дурдонаси ҳисобланган Фирдавсийнинг “Шоҳнома” асарига бағишлаб ўтказилган халқаро конференция жуда қизғин руҳда ўтди.

Анжуман ишида Буюк Британия, Австрия, Франция, Германия, АҚШ, Нидерландия, Озарбайжон, Эрон, Тожикистон, Қозоғистон вакиллари қатнашди.

Конференцияда “Шоҳнома” асарининг дунё фондларида сақланаётган қўлёзма нусхалари таҳлили, Шарқ бадиий адабиётининг бугунги маданий ҳаётга таъсири батафсил муҳокама қилинди.

Анжуманда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Ф.Абдухолиқов сўзга чиқиб, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган илмий марказлар, Халқаро ислом академияси фаолияти, ушбу муассасалар томонидан бой илмий маънавий меросимизни ўрганиш, уни халқимиз ва дунё илмий жамоатчилигига таништириш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берди.

Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилган ислоҳотлар ва Ислом цивилизацияси маркази бунёд этилишининг аҳамияти ҳақида фильм намойиш этилди.

“Ўзбекистон маданий мероси дурдоналари жаҳон тўпламларида” альбомлари тақдимоти ўтказилди.

Нуфузли тадбир иштирокчилари Ўзбекистоннинг қадимий тарих ва бой илмий-маданий меросга эга эканини эътироф этди. Табаррук юртимизга бориб,  Самарқанд ва Бухоро каби бетакрор шаҳарларга ташриф буюриш истагини билдирди.

– Ўзбекистоннинг бой тарихини дунё бўйлаб кенг тарғиб қилиш жуда катта аҳамиятга эга, – деди Кембриж университети профессори Жан Мишель Массинг. – Ушбу мерос Ер юзи бўйлаб тарқалиб кетган. Уларни тўплаш, ўрганиш учун дунё олимларининг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш зарур. Ташкил этилган кўргазма ҳам ушбу мақсадни амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Шунингдек, конференция иштирокчилари Ўзбекистондаги диний бағрикенлик ва миллатлараро тотувлик муҳитини юксак эътироф этди. Жорий йил май ойида Самарқандда бўлиб ўтган Темурийлар даври қўлёзмаларига бағишланган халқаро конференция ўзининг долзарблиги ва аҳамияти билан чет эллик олимлар эътиборини тортгани таъкидланди. Кейинги йилларда ҳам ҳамкорликда бу каби халқаро илмий конференцияларни ўтказиш зарурати таъкидланди.

Н.Усмонова,  

ЎзА