Хитой Халқ Республикаси пойтахти Пекин шаҳрида “Ўзбекистон туризм йили”нинг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбир жорий йилнинг январь ойида Президент Шавкат Мирзиёевнинг Хитойга давлат ташрифи чоғида эришилган келишувларга мувофиқ ўтказиляпти.

Маросимда Туризм қўмитаси раиси Умид Шодиев, ХХР Маданият ва туризм вазири ўринбосари Лу Юнчуанг, БМТ Туризм бош котиби Зураб Пололикашвили, “Trip.com”, “Alibaba Fliggy”, “CCT”, “CYTS” каби йирик туроператорлар ва корпорациялар раҳбарлари, “CCTV”, “CGTN”, “China Global” етакчи медиа холдинглари вакиллари ҳамда соҳа мутахассислари иштирок этди.

“Ўзбекистон туризм йили”нинг очилиши доирасида туризмга инвестициялар бўйича Ўзбекистон-Хитой форуми ҳам ташкил этилди, унда Хитойнинг 200 дан зиёд сайёҳлик бизнеси вакиллари истиқболли инфратузилма лойиҳалари, хитойлик сайёҳлар учун янги тур маҳсулотлари ва йўналишлари билан танишишди.

Ўзбекистон делегацияси, шунингдек, Шанхай, Гуанчжоу ва Сиан шаҳарларида “Ўзбекистонга саёҳат қил!” сайёҳлик роуд-шоусида иштирок этади. Икки мамлакат туроператорлари ўртасида мамлакатимизга сайёҳлар оқимини кўпайтириш бўйича B2B учрашувлар ўтказилиши режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, 1 декабрь куни Ўзбекистон ва Хитой ўртасида 30 кунгача визасиз режим жорий этиш тўғрисидаги битим имзоланган эди.

Б.Худойбердиев, ЎзА