Хабарингиз бор, футбол бўйича Осиё қитъаси учун Жаҳон чемпионатининг 3-саралаш босқичи 5-турида Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва “Рома” футбол клуби ҳужумчиси Элдор Шомуродов Қатар терма жамоасига қарши ўйинда жароҳат олган эди.

Элдор Шомуродов ўша ўйинда чап оёғининг сон мушакларида кучли оғриқ ҳис қилган ва шифокорлар бир неча маротаба тиббий ёрдам кўрсатганига қарамай, бўлим ўрталарида ўйинни тарк этишга мажбур бўлганди. Жароҳатдан кейин терма жамоа раҳбарияти Э.Шомуродовни Римга қайтариб юборди ва “Рома” клуби легионеримизни чуқурлаштирилган текширувдан ўтказиб, мушакларида жароҳат борлигини тасдиқлади ва даво чораларини кўрди.

Бугунги кунга келиб, 29 ёшли футболчимиз жароҳатлардан буткул фориғ бўлди ва клубнинг умумий гуруҳ машғулотларига қўшилди. Умид қиламизки, Элдор Шомуродов тез орада ўзининг энг юқори ҳолатига чиқиб олади ва ёрқин ўйин намойиш этади.

Жавоҳир Тошхўжаев,

ЎзА