Сурия армияси томонидан Россия ҳаво кучлари ёрдамида Алеппо, Хама ва Идлибдаги қишлоқларда яширин фаолият олиб бораётган 320 нафар террорчи маҳв этилгани айтиляпти.
Шунингдек, мамлакат шимоли ва ғарбидаги мазкур уч ҳудудда ноқонуний тузилмалар ихтиёрида бўлган 63 зирҳли машина ҳам портлатилган.
ОАВ хабарига кўра, Россия қирувчи самолётлари қўллаб-қувватлаган Сурия армияси сўнгги тўрт кун ичида “Нусра фронти” (Таҳрир аш-Шом)га алоқадор 1300 жангарига нисбатан ҳужум уюштирган. Бундан ташқари икки давлат ҳарбий-ҳаво кучлари якшанба оқшомида Ҳалоб вилоятидаги Ал-Ҳамдания стадиони яқинида террорчилар қўмондонлари ва мулозимлари йиғилган жойга ҳаводан зарба берган. Натижада ўнлаб жиноий гуруҳ аъзолари ва раҳбарлари ҳалок бўлган.
Суриянинг Ал-Савра ахборот агентлиги ёзишича, бир гуруҳ террорчилар Хама шимоли-шарқида жойлашган Аз-Зағба қишлоғида маҳаллий аҳоли пистирмасига тушган. Улар одам яшамайди, деб ўйлаб, қишлоққа киришган ва тузоққа илинган. Жангариларнинг ҳаммаси ўлдирилган, машина ва жиҳозлар мусодара қилинган.
Кеча Сурия армияси штаби бошлиғи Абдул Карим Маҳмуд Иброҳим Президент Башар Асад топшириғига биноан, Хама вилоятининг террорчилардан тозаланган шимолий ҳудудларига борган.