Тошкентда “Азот синтезгаз: Ўзбекистон ва МДҲ” 3-халқаро конгресси ва кўргазмаси ташкил этилди.

Ўзбекистон ва МДҲ мамлакатларидаги йирик синтез-газни қайта ишлаш корхоналари, давлат бошқарув органлари, ишлаб чиқариш технологиялари лицензиялари, ускуна ишлаб чиқарувчилар, инжиниринг ҳамда лойиҳа-қурилиш компаниялари вакиллари қатнашган мазкур нуфузли тадбирда мавзу доирасидаги масалалар кенг муҳокама қилинди.

Тадбир аввалида сўзга чиққан “Ўзкимёсаноат” АЖ бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Евгений Коржиков, Чирчиқ кимё-индустриал технопаркининг Резидентлар билан ишлаш департаменти бошлиғи Тимур Болтабоев ва бошқалар мамлакатимизда кимё саноатида амалга оширилаётган ислоҳотлар, татбиқ этилаётган лойиҳалар ва бу борадаги халқаро ҳамкорликлар ўзининг амалий натижасини бераётганини қайд этди.

Аҳамиятлиси, конгрессда 10 дан ортиқ инвестиция лойиҳаси намойиш этилди. Бу, ўз навбатида, иштирокчилар ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишда муҳим аҳамиятга эга. Шунингдек, Ўзбекистон ва МДҲ мамлакатларида синтез-газни қайта ишлаш саноатидаги замонавий ечимлар, соҳадаги етакчи корхоналарнинг технологик ютуқлари, янги технологиялар ҳамда ускуналар бўйича бозор ҳолати таҳлилига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, бунда метанол ва аммиак ишлаб чиқаришдаги муаммолар, уларни самарали қўллашнинг афзалликлари, шунингдек, саноат корхоналари қурилиши бўйича амалга оширилаётган ва режалаштирилган лойиҳалар ниҳоятда аҳамиятлидир.

Иштирокчилар ишлаб чиқариш қувватларини яратиш ва модернизация қилиш бўйича йирик инвестиция лойиҳалари, шунингдек, азот, метанол, аммиак ва минерал ўғитлар (азот, калий, фосфор, комплекс) ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолияти самарадорлигини ошириш имкониятлари юзасидан ҳамфикр алмашди.

Тадбирда қайд этилганидек, мазкур тадбир саноатдаги инновацияларни амалиётга жорий этиш бўйича илғор тажрибаларни ўрганиш ва келгусида ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун муҳим платформа бўлиб хизмат қилади.

Н.Зиёдуллаева, ЎзА