2025 йил – “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили”

Давлатмиз раҳбари ташаббуси билан янги йилга “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” деб ном берилди. Бу қарор ҳар бири мамлакатимизнинг барқарор ривожланиши, юзага келган экологик муаммоларни ҳал қилиш орқали иқтисодий ўсишни таъминлашга қаратилган бир неча муҳим омилга асосланган.

Экология

Дунё бўйлаб атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатаётган ҳолатлар кўпаймоқда. Жумладан, Ўзбекистон ҳам иқлим ўзгариши, ҳаво ва сув ифлосланиши каби жиддий экологик муаммоларга дуч келмоқда. Атроф-муҳит масаласини асосий кун тартибига олиб чиқиш давлатимизга айни масаларни бартараф қилиш имконини берди, жамоатчиликда эса табиатга эътиборни кучайтиради.

Яшил иқтисодиёт

“Яшил” иқтисодиёт – ресурслардан самарали фойдаланиш, энергия манбаларини янгилаш, чиқиндини камайтириш ва табиий ресурсларни сақлаб қолиш асосига қурилган иқтисодий модел. 2025 йил мазкур йўналиш мамлакатимиз иқтисодий барқарорлигини таъминлашда алоҳида аҳамият каб этади.

Халқаро бурч

Ўзбекистон БМТ Барқарор ривожланиш мақсадлари доирасида халқаро мажбуриятларни изчил бажараётган давлатлардан бири. Атроф-муҳитни асраш ва яшил иқтисодиётга ўтиш республикамизга халқаро ҳамжамият билан яқин алоқалар ўрнатишга ёрдам беради.

Замонавий технологиялар

Яшил иқтисодиётга ўтишда инновацияларни қўллаш жуда муҳим. Келаётган йил илм-фан ва технологияни ривожлантириш устувор вазифага айланади, янги энергия манбаларини яратиш, мавжуд ресурсларни янгича услубда ишлатишни рағбатлантириш йўлга қўйилади.

Жамоатчилик иштироки

Атроф-муҳитни асрашда ҳар бир фуқаронинг ўрни бор. 2025 йил жамоатчилик фаоллигини ошириш мақсадида турли тадбирлар ўтказилади. Экологик тадбиркорликни рағбатлантириш, атроф-муҳит ҳақида хабардорликни ошириш, ёш авлодга экологик тарбия бериш диққат марказида бўлади.

Хулоса шуки, “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили”да нафақат экологик вазифалар ҳал қилинади, балки иқтисодий барқарорлик сари илдам қадам ташланади. Йил давомида атроф-муҳит муҳофазаси йўлида амалга ошириладиган чора-тадбирлар замирида келгуси авлодлар учун муносиб ҳаёт шароити яратишдек эзгу мақсад мужассам.

Мусулмон Зиё, ЎзА