Муносабат
Мамлакатимизда бўлиб ўтган сайлов натижаларига кўра, парламент қуйи палатасига сайланган депутатларнинг 11 нафарини 35 ёшгача бўлганлар ташкил этади. Шунингдек, илк бор Ёшлар парламентининг 2 нафар вакили Қонунчилик палатаси депутати этиб сайланди.
Давлатимиз раҳбари Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг биринчи ташкилий йиғилишидаги нутқида бу ҳақда алоҳида тўхталди.
Янги сайланган депутатлар Президентимиз нутқи ва унда белгилаб берилган вазифалар юзасидан ўз муносабатини билдирмоқда. Жумладан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Шаҳноза Жолдасова қуйидагиларни қайд этди:
— Сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари бошчилигида мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсати соҳасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, сўнгги 7 йил ичида ёшларга оид 100 дан зиёд қонун ва қонуности ҳужжатлари қабул қилинди. Бундан ташқари, бугунги кунда инновация ва илм-фан соҳаларига Давлат бюджетидан ажратилаётган йиллик маблағлар ҳажми 1,5 триллион сўмни ташкил этмоқда.
Умуман олганда, ёшларнинг сифатли таълим-тарбия олиши, касб-ҳунар эгаллаши, бандлиги масаласи, ўз ҳаётини тўғри йўлга қўйиб, жамиятдан муносиб ўрин эгаллаши учун барча шарт-шароитлар яратилди. Бу бежизга эмас. Мамлакатимизда 30 ёшгача бўлган ёшлар 20 миллиондан ортиқ бўлиб, жами аҳолининг 53 фоиздан ортиғини ташкил қилади. Бу каби кўрсаткич ҳар қандай ривожланган ва ривожланаётган давлат келажаги учун инвестиция ҳисобланади.
Шунинг учун йиғилишда ҳам давлатимиз раҳбари томонидан ёшларнинг парламентдаги роли тўғрисида алоҳида тўхталиб ўтилди. 2020 йилда Президентимиз ташаббуси билан Олий Мажлиснинг иккала палатаси ҳузурида Ёшлар парламенти ташкил этилди. Ва бугун иккала палата ҳузуридаги биринчи чақириқ Ёшлар парламенти раисларининг халқ ишончини оқлаб, Қонунчилик палатаси депутати бўлгани давлатимиз раҳбари сиёсатининг меваси, десак муболаға бўлмайди.
Бугунги кунда Ёшлар парламенти чинакам ёшлар ва парламент ўртасидаги кўприк вазифасини бажармоқда. Хусусан, 5 йил ичида Ёшлар парламенти 100 дан ортиқ қонун муҳокамаларида ҳамда парламент қўмиталари билан ҳамкорликда 80 дан ортиқ назорат-таҳлил фаолиятида иштирок этди. Улар нафақат парламентда қабул қилинаётган қонунларда ёшлар манфаатлари таъминланганининг кафолати, балки ёшларни қийнаётган масалалар парламент минбарларида эшитилиши гаровидир.
Муҳтарама Комилова ёзиб олди.
ЎзА