Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти бошлиғи ўринбосари Ш.Алиризаев ва ишчи гуруҳи томонидан Қорақалпоғистон Республикасида “Энергетика хавфсизлиги” ойлигини ўтказиш ҳамда куз-қиш мавсумига тўлиқ шай ҳолатга келтириш борасидаги ишлар ўрганилмоқда.

Ишчи гуруҳ томонидан “маҳаллабай” тартибда ҳар бир манзилнинг куз-қиш мавсумига тайёрлиги ҳамда республика даражасида ҳал этилиши лозим бўлган муаммолар “аудит” тартибида ўрганилиб, зудлик билан жойнинг ўзида бартараф этилмоқда. Хусусан, ишчи гуруҳ Қўнғирот туманида бўлиб, “Ақшолақ магистрал газ қувурлари” бошқармасида ҳамда янгидан қурилаётган Туркманистон Республикасидан ўтаётган газ миқдорини ўлчаш пунктида юзага келган носозликларни бартараф этиш, мавсумга тайёргарлиги юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилди.

Шунингдек, Қўнғирот тумани 31-сонли умумтаълим мактаби, 70-сонли оилавий поликлиника ва нодавлат мактабгача таълим муассасасида куз-қиш мавсумига тайёргарлиги кўздан кечирилиб, камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли тавсиялар берилди. Вакиллар бундан ташқари, якка тартибдаги тадбиркор Алжанов Тимурга тегишли “Қирққиз маркет” савдо дўконида бўлиб, маҳсулотларнинг нарх-наволари билан танишди.

Ишчи гуруҳи томонидан Қорақалпоғистон Республикасида амалий ёрдам кўрсатиш ва муаммоларни жойида бартараф этиш ишлари давом этмоқда.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири