Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ Ахборот хизмати раҳбари Шуҳрат Орипов иштирокида брифинг бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 12 август куни қабул қилинган “Факторинг хизматлари бозорини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижроси ва мазкур банк томонидан кўрсатилаётган факторинг хизматлари ҳақида жамоатчиликка ахборот берилди.
Таъкидланганидек, мазкур муҳим ҳужжат билан молиявий хизматлар бозорида мутлақо янги институт жорий этилди ва мамлакатимизда факторинг хизматларини жадал ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар белгиланди.
Брифингда факторинг пул талабномасидан бошқа шахс фойдасига воз кечиш эвазига молиялаштириш хизмати эканлиги, фактор-агент “молиявий воситачи” ҳисобланиши билдирилди.
Факторинг хизматининг қулайлиги шундаки, етказиб берувчи тадбиркор учун гаров таъминоти талаб қилинмайди. Тадбиркорларнинг айланма маблағлари узлуксизлиги, ва энг муҳими ишлаб чиқариш жараёнларининг узлуксизлиги таъминланади.
Брифингда “Бизнесни ривожлантириш банки” томонидан тадбиркорлик субъектларига “Regular factoring” ва “Reverse factoring” хизматлари таклиф этилаётгани ва уларнинг шартлари маълум қилинди.
Қайд этилишича, ҳозирга қадар банк томонидан жами 24 та мижозларга 23 млрд сўмдан ортиқ факторинг маблағлари ажратиб берилган.
ЎзА