Бугунги кунда “Ҳудудгаз Қорақалпоғистон” газ таъминоти филиали томонидан аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси бўйича ҳозирги вақтда жами 98 минг 762 нафар истеъмолчи ва 111 та мактаб суюлтирилган газ билан таъминланмоқда. Суюлтирилган газдан фойдаланувчи истеъмолчиларга “Е-газ” онлайн дастури асосида ID карталар берилиб, муомалада бўлган маиший газ баллон идишларига махсус штрих кодли стикерлар тўлиқ бириктирилди. Бу эса бутун республика бўйлаб суюлтирилган газни истеъмолчи томонидан қабул қилиш ва тўловни амалга оширишда очиқлик ва шаффофлик яратди ҳамда ҳисоб-китоб тизими автоматлаштирилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йилги махсус қарорида куз-қиш мавсумида олис ҳудудларга 8 минг 432 тонна суюлтирилган газ етказиб бериш топширилган. Жумладан, “Ҳудудгаз Қорақалпоғистон”газ таъминоти филиалига қарашли 27 та автотранспорт билан махсус суюлтирилган газ баллонлари олис қишлоқларга ўз вақтида етказиб берилмоқда.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА мухбири