Жорий йил 16 ноябрь куни Қорақалпоғистон санъат саройида атоқли қорақалпоқ шоири ва мутафаккири Ажиниёз Қўсибой ўғли ҳаёти ва фаолияти ҳақида ҳикоя қилувчи “Ажиниёз” бадиий-публицистик фильмининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев сўзга чиқиб, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан буюк мутафаккир таваллудининг 200 йиллиги ЮНЕСКО доирасида нишонланадиган халқаро юбилейлар қаторига киритилгани, Ажиниёз Қўсибой ўғлининг номини абадийлаштириш бўйича қатор ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади.

Таъкидланганидек, “Ажиниёз” бадиий-публицистик фильми учун давлат бюджети ҳисобидан 3 миллиард сўм маблағ ажратилиб, бу қорақалпоқ кино тарихида илк бор қисқа муддатда суратга олинган фильм бўлди.

Ушбу фильм буюк шоирнинг болалик ва ёшлик йилларини, ижод йўлини, ўша давр ҳаётини акс эттириб бера олди десак, муболаға бўлмайди. Яна бир муҳим жиҳати, фильм 19 ноябрь куни Тошкент шаҳридаги Ўзбекистон миллий кино санъати саройида ҳам намойиш этилади.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА