Бразилияда бўлиб ўтган «Глобал Жануб» медиа-форуми доирасида «Дунё» АА директори Омонулла Файзиев Хитойнинг «Синьхуа» ахборот агентлиги президенти Фу Хуа билан учрашди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг «Дунё» ахборот агентлиги директори Омонулла Файзиев Бразилиянинг Сан-Паулу шаҳрида бўлиб ўтган «Глобал Жануб» оммавий ахборот воситалари ва таҳлил марказлари форумида иштирок этди, деб хабар берди «Дунё» АА.

Қайд этилишича, мулоқот давомида Ўзбекистон ва Хитой ўртасида барча соҳаларда ривожланаётган стратегик шериклик алоқаларини кенг жамоатчиликка етказиш, жумладан, ахборот агентликлари ўртасида фаол ахборот алмашинувларини йўлга қўйиш масалалари ҳақида фикр алмашилди.

“Томонлар «Дунё» АА ва «Синьхуа» АА ўртасида ҳамкорлик бўйича меморандум имзолаш тўғрисида келишиб олдилар”, дейилади хабарда.

«Дунё» ААга кўра, форумда дунёнинг 70 та давлатидан 170 та оммавий ахборот воситаларининг 350 нафар эксперти ва журналистлари қатнашган.

Анжуманнинг мақсади маданий алмашинув ва ҳамкорлик платформасини яратишдан иборат.

Тадбир «Синьхуа» ахборот агентлиги (Хитой) ва Бразилия коммуникациялар агентлиги сингари дунёдаги етакчи медиа компаниялар томонидан ташкил этилган.

ЎзА