Бугун, 14 ноябрь куни футбол бўйича Осиё қитъаси учун Жаҳон чемпионатининг 3-саралаш босқичи доирасида 5-тур ўйинлари бўлиб ўтади. Биз учун аҳамиятлиси, ушбу турда Ўзбекистон миллий терма жамоаси “A” гуруҳида Қатарга қарши сафарда ўйин ўтказади. “Жассим бин Ҳамад” стадионида ўтадиган учрашув Тошкент вақти билан соат 21:15 старт олади.
Ўзбекистон ва Қатар терма жамоалари баҳси олдидан ОФК томонидан иштирокчиларга ўйинга оид бир қатор масалалар, хусусан, маркетинг, тиббиёт ва хавфсизлик йўналишлари юзасидан тушунтириш ва эслатмалар бериб ўтилди. Мазкур учрашувда футболчиларимиз тўлиқ оқ, дарвозабонимиз эса яшил либосда ҳаракат қилади. Қатар эса ўзининг анъанавий тўқ қизил либосида майдонга тушади.
Учрашувда кореялик Ким Жонг Хеок бош ҳакам сифатида ишлайди. Унга қанотларда ҳамюртлари Парк Кюнёнг ва Жанг Жонгпил ёрдам берса, тўртинчи расмий ҳакам этиб Чаэ Санг Хеоп тайинланган. VAR’да эса Ким Ҳеэгон фаолият юритади.
Маълумот ўрнида: Қатар терма жамоаси ҳозирда ФИФА рейтингида 46-ўринда бораётган бўлса, Ўзбекистон термаси 58-поғонада қайд этилган.
Жаҳон чемпионатининг 3-саралаш босқичи доирасида Қатар терма жамоаси ўтган тўрт ўйинда Қирғизистонни 3:1 ҳисобида енгган бўлса, сафарда КХДР билан 2:2 ўйнади. Ўз майдонида БААга 1:3, сўнгра яна сафарда Эронга 1:4 ҳисобида мағлуб бўлган ҳолда 4 очко билан 4-поғонадан жой олган.
Миллий терма жамоамиз эса гуруҳда дастлаб КХДР термасини 1:0, кейин эса Қирғизистонга сафар қилиб, 3:2 ҳисобида зафар қучди. 3-турда Эрон билан 0:0 ҳисобида дуранг ўйнаган бўлса, тўртинчи турда БАА устудан Тошкентда 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Ўзбекистон термаси “А” гуруҳида 10 очко билан иккинчи ўринда бормоқда.
Шу тариқа, бугунги учрашувда ҳар иккала терма жамоа учун ғалаба ўта муҳим. Умид қиламизки, терма жамоамиз кутилган натижани қўлга киритади.
Шунингдек, жаҳон чемпионати 3-саралаш босқичининг бешинчи турида қуйидаги ўйинлар ўтказилади:
“A”: БАА – Қирғизистон, КХДР – Эрон;
“B”: Иордания – Ироқ, Қувайт – Жанубий Корея, Ўмон – Фаластин;
“C”: Идонезия – Япония, Австралия – Саудия Арабистони, Баҳрайн – Хитой.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА