Нукус шаҳридаги “Оққуш” мажмуасида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида “Яшил келажак” умумреспублика марафони ташкил этилди.

Кенг миқёсда ўтказилган экологик тадбирда Ўзбекистон Республикасининг барча ҳудудларидан 100 дан зиёд олий таълим муассасаси раҳбарлари, профессор-ўқитувчилар, мутахассис олимлар ҳамда фаол талаба-ёшлар иштирок этди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев сўзга чиқиб, умумреспублика марафони иштирокчиларига миннатдорлик билдирди ва Президентимизнинг бевосита ташаббуси билан Орол денгизининг қуриган тубида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга тўхталди.

Ушбу эзгу ташаббус натижасида икки миллион гектарга яқин тузли қумда яшил ўрмонзорлар барпо этилганлиги, бундай эзгу амаллар янада катта ташкилотчилик билан давом этаётганлигини таъкидлади.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов сўз олиб, давлатимиз раҳбарининг Оролбўйи минтақасининг ҳар томонлама ривожланиши, мазкур ҳудудда экологик барқарорликни таъминлаш борасидаги ишларнинг самарадорлигини оширишда илмий-амалий жиҳатдан асосланган кенг кўламли тадбирларнинг аҳамияти катта эканлигига тўхталди.

Сўнгра “Яшил келажак” умумреспублика марафонига старт берилди. Иштирокчилар Нукус шаҳридаги 8 гектар майдонда яхши ниятлар билан маҳаллий иқлим шароитига мос кўчатларни экиб, “Зиёлилар боғи”ни барпо этди. Марафонда онлайн телекўприк орқали республика олий таълим муассасалари жамоалари ҳам иштирок этиб, мазкур акцияни юқори ташкилотчилик билан бошлаб юборди.

Маданият ва санъат намоёндалари ижросидаги концерт дастури марафон иштирокчиларига хуш кайфият бағишлади.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА.