Нукус шаҳридаги “Яшил боғ” маҳалла фуқаролар йиғинида мустақиллигимизнинг 33 йиллиги арафасида 54-умумтаълим мактаби фойдаланишга топширилган эди. 400 ўринли янги мактаб биносида ўқувчиларнинг сифатли таълим олиши учун барча шароит яратилган.

Ёшларнинг дарсдан бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида фан, ижод ва спорт йўналишидаги тўгараклар фаолияти йўлга қўйилган. Жумладан, курашга ихтисослашган спорт тўгарагига 60 нафарга яқин ўғил-қиз жалб этилган. Ушбу спорт тўгарагининг фаолият бошлаганига ҳали кўп вақт ўтмаган бўлсада, тарбияланувчилар яхши натижалар кўрсатмоқда.

– Шогирдларим орасида истеъдодлилари жуда кўп, – дейди мураббий Жамшид Тўрабоев. – Айгерим Амангелдиева, Арўжон Жолдасбоева, Нурия Болтабоева ва Айдона Жолдасбоева октябрь ойида Нукус шаҳрида кураш бўйича 2013-2015 йилда туғилган ўсмирлар ва қизлар ўртасида ўтказилган мусобақада муваффақиятли иштирок этиб, совринли ўринларни қўлга киритди. Келгусида тўгарагимиз аъзолари бунданда катта натижаларга эришишига ишонаман.

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат, видео), ЎзА