Ислом ҳамкорлик ташкилоти ахборот агентликлари иттифоқи (UNA-OIC) хабарига кўра, Исроил армияси ишғол остидаги Ғарбий соҳилда БМТ Фаластинлик қочқинларга ёрдам кўрсатиш агентлиги (UNRWA) марказини бутунлай вайрон қилган. Фаластин мухторияти раҳбари Маҳмуд Аббоснинг матбуот котиби Нобил Абу Рудайна воқеа ҳақида шундай деди:

– Босқинчилик оқибатида UNRWA билан алоқа узилиб қолди, мустамлакачиларнинг халқимизга қарши давом этаётган ҳужуми халқаро қонунлар ва резолюцияларнинг бузилиши, шунингдек мазкур ҳужжатлар ва олий даражадаги институтлар фаолиятига эътиборсизликдир. Исроил қочқинлар муаммосини бартараф этиш, қайтиш ҳуқуқини бекор қилиш, фаолиятига тўсқинлик қилиш мақсадида UNRWA тузилмасини таъқиб қилишда давом этмоқда. Бутун дунё Исроилга қарши жиддий ва аниқ қадамлар ташлаши керак.

Мулозим бугун тонг саҳарда кузатилган Ал-Бире шаҳрига ҳужум ва 20 га яқин оддий аҳолига тегишли транспорт воситалари ёқиб юборилишини қоралаб, бундай ҳаракат террорчи жангарилар жинояти давом этиши натижаси эканини таъкидлади. У халқаро ҳамжамиятни Исроилга босим ўтказиш, Фаластин халқига қарши қонунбузарликни тўхтатиш ва яҳудий давлатини имзоланган келишувларга риоя қилишга мажбурлашга чақирди.

Аввалроқ Кнессет (Исроил парламенти) мамлакатда UNRWA фаолиятини тақиқлаш тўғрисида қарор чиқарган эди.

Фаластиннинг WAFA ахборот агентлиги маълумотига кўра, Нур Шамс қочқинлар қўналғасида 1536 ўқувчи таълим олаётган UNRWA ташкилотига қарашли икки мактаб ва турли йўналишда хизмат кўрсатувчи соғлиқни сақлаш маркази ҳам жойлашган.

Муҳаррама Пирматова, ЎзА