Пойтахтимиздаги Гимнастика бўйича республика ихтисослаштирилган Олимпия захиралари болалар-ўсмирлар спорт мактабида гимнастика бўйича ўтказилган «Мактабгача ва мактаб таълими вазири кубоги» республика спорт мусобақаси ғолибларини тақдирдаш маросими бўлиб ўтди.
Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова мамлакатимизда болаларни спортга, айниқса қизларни гимнастикага жалб этиш борасида муайян тизим яратилганини эътироф этди.
Ушбу мусобақа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 23 декабрдаги «Гимнастика спорт турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида ташкил этилди.
Мусобақада умумтаълим мактабларининг 1-4-синфлари ўқувчи-қизлари мактаб, туман (шаҳар), ҳудудий (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар) босқичи бўйича ўзаро куч синашди.
Мусобақа якунида жамоавий ҳамда ёш тоифаси бўйича ғолибларга диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
Мазкур мусобақа бадиий гимнастика нафосат, баркамоллик, гўзаллик калити эканини яна бир бор намойиш этди.
Назокат Усмонова, ЎзА мухбири