Aмерик Қўшма Штатларида эртага – 5 ноябрь куни бўлиб ўтадиган президентлик сайлови учун 75 миллиондан кўп фуқаро аллақачон ўз танловини билдириб бўлди.
Флорида университети сайлов лабораторияси муддатидан олдин овоз берган фуқаролар сонини эълон қилди. Уларнинг 40 миллиондан ортиғи шахсан овоз берди, 34 миллионга яқин сайловчи эса ҳуқуқидан почта орқали фойдаланди.
Мамлакатда жами 244 миллион сайловчи бор. 2020 йилги президентлик сайловида рекорд даражадаги 66,6 фоиз фуқаро иштирок этган. Яъни, 159 миллионга яқин одам овоз берган.
Кўпгина штатларда олдиндан танлов қилиш жараёни сайлов кунига қадар давом этиб, бу овозлар ҳам 5 ноябрь куни расмийлаштирилган бюллетенлар билан бирга, сайлов участкаси ёпилгандан кейин санаб чиқилади.
Президент Жо Байден ҳам Делавер штатида муддатидан олдин овоз берди.
– Сайлов куни Қўшма Штатлар учун “эркинлик куни” бўлади, – деди давлатнинг собиқ раҳбари, Республикачи номзод Дональд Трамп. – Aмерика Қўшма Штатлари босиб олинган давлат. Агар президент этиб сайлансам, мамлакат яқин келажакда ишғолдан чиқарилади.
Трамп Виржиниядаги сайлов олди ташвиқотида нутқ сўзлаб, унга кўпчилик овоз бериш қийин бўлиши, чунки Нью-Йорк ва Калифорния каби йирик штатларда демократ сайловчилар устунлик қилишини тан олган.