Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 9 апрелдаги “Осиё тараққиёт банки иштирокида “Ўзбекистоннинг ғарбий қисмида ичимлик суви таъминоти тизимларини ривожлантириш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида Қорақалпоғистон Республикасининг Амударё, Беруний, Қораўзак, Қўнғирот, Нукус, Мўйноқ туманларидаги аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектларнинг сифатли ичимлик суви таъминотини янада яхшилаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Ўтган куни Мўйноқ туманига янги сув қувурини тортиш ишларига старт берилди. Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда сўзга чиққанлар давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Оролбўйи, шу жумладан, Мўйноқ тумани аҳолисини сифатли ичимлик суви билан таъминлашга қаратилаётган эътиборга тўхталди. Янги сув қувури 5 минг куб метр сув етказиш ва 1300 дан ортиқ хонадонни тоза ичимлик суви билан таъминлаш имкониятига эга.
Лойиҳа Осиё тараққиёт банки томонидан молиялаштирилиб, қиймати 8,21 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Туманга янги сув қувурини тортиш ишлари Озарбайжон Республикасининг “Archico Engineering company” компанияси томонидан амалга оширилади.
– Лойиҳада “Қизилжар” овул фуқаролар йиғинининг Алий, “Ҳоким ота” овул фуқаролар йиғинининг Дўстлик, “Бўзатов” овул фуқаролар йиғинининг Амударё, Қипчоқдарё, Таллиқ, “Учсай” овул фуқаролар йиғинининг Учсай, Тўқмоқ ота овулларига, туман марказидаги маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудларига Туямўйин сув омборидан ичимлик суви етиб боради – дейди “Archico Engineering company” компанияси техник директори Назим Шеримов.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири.