Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашларга сайлов жараёнини бевосита ёритиш учун келган Ўмоннинг “Ар-Рая” нашри мухбири Иброҳим бин Салим Ал-Ҳодий бугун Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигида бўлди.
ЎзА раҳбари билан суҳбат чоғида меҳмон Ўзбекистонда сайлов жараёнига инновацион ёндашилгани, жумладан электрон қурилмалардан кенг фойдаланилгани, овоз бериш янгиланган Конституция ва миллий сайлов қонунчилигига биноан, аралаш тизим асосида муваффақиятли ўтганини эътироф этди.
– Бу йилги сайлов Ўзбекистондаги демократик ислоҳотларнинг амалий натижасидир, – деди Иброҳим бин Салим Ал-Ҳодий. – Биз борган сайлов участкаларида сайлов жараёни қонунчиликка тўла мос ўтганига гувоҳ бўлдик. Бир сўз билан айтганда, сўнгги йилларда Янги Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар туфайли одамларнинг турмуш фаровонлиги йилдан-йилга яхшиланмоқда. Шу билан бирга уларнинг сиёсий билими, тафаккури ҳам юксалган.
Яна шуни алоҳида таъкидлашни истайманки, Ўзбекистонда қувноқ, меҳмондўст ва кўнгли очиқ инсонлар яшайди. Мен буни юртингизга илк бор келганимдаёқ англаб етганман. Ўзбек халқининг ҳар қандай янгилик учун очиқлиги, шу билан бирга ўз илдизларини унутмаслиги, бой тарихи ва анъаналарини асраши мени ҳайратга солади. Бу замин мени мудом ўзига чорлайди.
Учрашув сўнгида ЎзА ва Ўмон ахборот агентлиги – ONA ҳамда “Ар-Рая” нашри ўртасида мунтазам ахборот алмашиш, икки давлат янгиликларини ўзаро ёритиб бориш мақсадида ҳамкорлик битими имзолашга келишиб олинди.
Муҳаррама Пирматова, Ёқубжон Мелибоев (видео), Рустам Назарматов (сурат), ЎзА