Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 23-тури бугун, 31 октябрь куни старт олади. Миллий чемпионатимизнинг ушбу турини «Пахтакор» – «Андижон» ўртасидаги ўйин бошлаб беради.

«Жар» стадионида соат 18:15 да бошланадиган мазкур учрашувни Никита Мустафин бош ҳакам сифатида бошқарса, унга қанотларда Элнур Дониёров ва Зуфар Элибоев ёрдам беради. Тўртинчи ҳакам вазифасини Умид Нутфуллоев бажаради. VAR ҳаками этиб Илгиз Танташев тайинланди.

Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, «Пахтакор» – «Андижон» жамоалари бугунга қадар чемпионат доирасида 55 бора тўқнаш келган. Ушбу ўйинларнинг 40 тасида «Пахтакор» ғалаба қозонган бўлса, 9 баҳсда дуранг натижа қайд этилган. Фақат 6 марта «Андижон» футболчилари муваффақиятга эришган. Мазкур баҳслардаги тўплар нисбати ҳам пойтахт клуби томонида – 129/38.

Тошкентда ўтказилган 27 баҳснинг 23 тасида «Пахтакор» зафар қучган бўлса, 4 баҳсда кучлар тенг келган. Ўзаро ўйинлардаги энг йирик натижа 2015 йилда қайд этилган. Ўшанда «шерлар» 6:0 ҳисобида «Андижон» жамоасини таслим қилган эди.

Бу йилги Суперлига баҳсларида «Пахтакор» 22-турда 35 очко билан тўртинчи ўринда бораётган бўлса, «Андижон» 22 та ўйинда 25 очко жамғариб, 10-ўринда бормоқда.

Маълумот ўрнида: Ўзбекистон Суперлигасининг 23-тур учрашувлари 3 ноябрь кунига қадар давом этади. Унда  “Локомотив” – “Насаф”,  “Сўғдиёна“ – “Сурхон”, “Олимпик” – “Навбаҳор”, “Қизилқум”– “Динамо”, “Нефтчи” – “Бунёдкор”,  “Металлург”– “ОКМК” баҳслари бўлиб ўтади.

Ҳозирда “Насаф” Суперлига ўйинларида 49 очко жамғариб, яққол пешқадамга айланган. ОКМК клуби эса 39 очко  билан иккинчи, “Сўғдиёна” 37 очко билан учинчи ўринга жойлашган.

Жавоҳир Тошхўжаев,

ЎзА