Бразилиянинг Флорианополис шаҳрида 18 ёшгача бўлган дунёнинг энг яхши шахматчилари иштирокида навбатдаги жаҳон чемпионати баҳслари бошланди.
Дунёнинг 62 та давлатидан 527 нафар маҳоратли ёш шахматчилар иштирокидаги жаҳон чемпионати баҳслари 14, 16 ва 18 ёшгача бўлган ўғил ва қиз болалар ўртасида бўлиб ўтади.
Бу йилги жаҳон чемпионати мусобақаларида иштирок этаётганлар орасида турли ёш тоифасида ўтган йиллар давомида совриндорликка эришган 150 нафар ёш шахматчининг борлиги баҳслар ҳар жиҳатдан шиддатли кечишидан далолат, дейиш мумкин. 11 турдан иборат мусобақалар 10 ноябрга қадар давом этади.
Чемпионатда АҚШ, Ҳиндистон, Франция, Испания, Грузия, Хитой, Норвегия, Германия, Қозоғистон ва Польша жамоалари энг катта таркиб билан иштирок этмоқда. Бразилия терма жамоаси 97 нафар шахматчини мусобақада рўйхатдан ўтказган.
Жаҳон биринчилиги баҳсларида Ўзбекистон терма жамоасининг 3 нафар ёш шахматчиси ғолиблик учун кураш олиб боради. 14 ёшгача бўлганлар ўртасидаги беллашувларда Нилуфархон Имомқўзиева ва Жавоҳир Бозоров ҳамда 16 ёшгача бўлган қизлар ўртасидаги мусобақаларда Афруза Ҳамдамова Ватанимиз шарафини ҳимоя қилади.
Айтиш лозим, ўтган йили Италияда ушбу ёш тоифаларида ўтказилган жаҳон чемпионатида 92 та мамлакатнинг 766 нафар шахматчи йигит-қизлари дона сурган эди. Мураккаб ва ўта кучли руҳий босимда кечган ўйинларда ҳамюртимиз Афруза Ҳамдамова 14 ёшгача бўлган қизлар ўртасидаги мусобақаларда ўз маҳорати ва истеъдодини намойиш этиб, жаҳон чемпиони номига сазовор бўлган эди.
Ўшанда Афруза мусобақани 1-тур кечикиб бошлаган ҳолда рейтингда ўзидан анча баланд бўлган рақибларини доғда қолдиришга эришиш асносида ўзбек шахматининг куч-қудратини намойиш этган.
Хўш, Бразилияда Италияда эришилган натижа такрорланадими? Бу борада ҳозирдан фикр билдириш қийин. Лекин Афрузанинг 45-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси ва бошқа турнирларда тўплаган тажрибаси бу гал ўз сўзини айтишига ишонгимиз келади. Умидимиз, Бразилия мусобақалари Афруза Ҳамдамова каби Нилуфархон Имомқўзиева ва Жавоҳир Бозоров учун ҳам янги муваффақиятларга эшик очишини қалб-қўримиз билан истаймиз.
Т.Рўзиев,
ЎзА