Ўзбекистон миллий терма жамоаси Осиё қитъасида футбол бўйича Жаҳон чемпионати 3-саралаш босқичининг 5-6-тур учрашувларини сафарда Қатар ва КХДР термаларига қарши ўтказади.

Осиё футбол конфедерацияси мазкур баҳсларда ишлайдиган ҳакамлар рўйхатини маълум қилди. Унга кўра, 14 ноябрь куни Тошкент вақти билан соат 21:15 да «Жассим бин Ҳамад» стадионида старт оладиган Қатар — Ўзбекистон терма жамоалари учрашувида кореялик ҳакамлар бригадаси фаолият олиб боради. Ўйинни Ким Жонг Хеок бош ҳакам сифатида бошқарса, унга қанотларда Парк Кюнёнг ва Жанг Жонгпил ёрдам беради. Тўртинчи расмий ҳакам сифатида Чаэ Санг Хеоп фаолият юритади. VAR’да эса Ким Ҳеэгон ишлайди.

19 ноябрь куни мамлакатимиз вақти билан соат 17:00 да Лаосдаги «Лао» стадионида бошланадиган КХДР термасига қарши сафар учрашувига Али Аҳмад бош ҳакам этиб тайинланди. Қанотларда эса Аланези Абдулҳади ва Аббос Аҳмад ишлайди. Тўртинчи расмий ҳакам — Аммар Ашканони, VAR’да эса Абуллоҳ Жамали фаолият кўрсатади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон миллий терма жамоаси Осиё қитъасида футбол бўйича Жаҳон чемпионати 3-саралаш босқичининг тўртинчи туридан сўнг “A” гуруҳида Эрон  билан бир хил 10 очко тўплаган ҳолда тўплар нисбатига кўра иккинчи ўринда бормоқда.

БАА ҳамда Қатар эса 4 очко билан кейинги поғоналарда қолган бўлса, Қирғизистон 3 очко жамғарган ҳолда 5-ўринга кўтарилиб олди. КХДР ҳамон 2 очко эвазига сўнгги ўринда бормоқда.

Жавоҳир Тошхўжаев,

ЎзА