Франция пойтахти Париж шаҳрида жойлашган «Шатле» театрида 2024 йилги «Олтин тўп» совринини топшириш маросими бўлиб ўтди.

Ушбу маросимда «Манчестер Сити» ва Испания терма жамоаси футболчиси Родри “Олтин тўп” соҳибига айланди.

У рақобатда “Реал Мадрид” футболчилари Винисиус Жуниор, Жуд Беллингем ва Дани Карвахални овоз тўплашда ортда қолдирди.

Маълумот ўрнида: Родри Испания термаси билан «Евро-2024», шунингдек, «Манчестер Сити» сафида АПЛ бош совринини қўлга киритган.

Аёллар ўртасида “Олтин тўп”га “Барселона” жамоаси аъзоси Айтана Бонмати лойиқ кўрилди.

Йилнинг энг яхши дарвозабони “Астон Вилла” посбони Эмилиано Мартинес дея эътироф этилди. Мавсумнинг энг яхши ёш футболчиси номинациясида Испания терма жамоаси ва “Барселона” клуби аъзоси Ламин Ямал ғолиб бўлди.

«France Football» томонидан “Реал Мадрид” йилнинг энг яхши клуби деб топилди. Бу жамоа ўтган мавсумда Чемпионлар лигаси ва Испания суперкубоги ғолиби бўлди.

Мазкур номинацияга «Боруссия», «Жирона», «Байер» ва «Манчестер Сити» клублари ҳам даъвогарлик қилган эди. “Реал” жамоасини бошқариб келаётган Карло Анчелотти эса ўтган мавсумнинг энг яхши мураббийига айланди. Аёллар футболида эса “Барселона” клуби энг яхшиси бўлди.

Шунингдек, Ҳарри Кейн («Бавария»/Англия) ва Килиан Мбаппе («ПСЖ» ва «Реал»/Франция) ўтган мавсумдаги ёрқин ўйинлари билан энг яхши ҳужумчи номинацияси ғолибига айланди.

Жавоҳир Тошхўжаев,

ЎзА