Яқинда Россиянинг Қозон шаҳрида бўлиб ўтган BRICS XVI саммитида 13 мамлакат тузилмага ҳамкор мақомини олди: Туркия, Қозоғистон, Ўзбекистон, Жазоир, Беларусь, Боливия, Куба, Индонезия, Малайзия, Нигерия, Таиланд, Уганда ва Вьетнам.
Анжуман доирасида Озарбайжон ва Арманистон етакчилари учрашди
Тинчлик шартномаси, чегарани делимитациялаш ва демаркациялаш масалалари икки давлат раҳбарлари учрашувининг асосий мавзуси бўлди.
Суҳбат якунида икки мамлакат ТИВ раҳбарларига тинчлик шартномасини тезроқ имзолаш ҳамда ўзаро муносабат ўрнатиш мақсадида музокарани давом эттириш тўғрисида кўрсатма берилди.
“Bild” газетаси: Ҳиндистон Туркиянинг БРИКСга аъзо бўлишига қарши
Бунга Анқаранинг Покистон билан муносабати яхшилиги сабаб қилиб кўрсатилган. Ўз навбатида Туркия Президенти ҳузуридаги ёлғон хабарлар тарқалишига қарши кураш маркази ушбу маълумотни рад этди.
Индонезия БРИКСга қўшилмоқчи
Бу ҳақда мамлакат ТИВ раҳбари Сугунио БРИКС якуни бўйича тарқатган баёнотида айтиб ўтди. У “БРИКС плюс” саммитида Индонезиянинг тузилмага қўшилиш истагини билдириб, мамлакати ривожланган ва ривожланаётган мамлакатлар ўртасида кўприк вазифасини ўташини айтди.
Эрон Президенти БРИКСни
санкция, уруш ва геноцидсиз дунё қуришга чақирди
Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён БРИКСни санкция ва урушдан холи яхшироқ дунё қуришга чақираркан, мавжуд халқаро институтлар Яқин Шарқдаги қуролли можаролар оловини ўчиришга қодир эмаслигини айтди.
Дарвоқе, ушбу давлат мазкур ассоциациянинг доимий аъзоси сифатида илк бор саммитда иштирок этмоқда.
Европа кенгаши раиси Шарль Мишель БРИКС ҳақида…
Ноябрь ойи охирида лавозимини тарк этаётган Европа Кенгаши раҳбари Шарль Мишель “Financial Times” газетасига берган интервьюсида Европа Иттифоқини дунёнинг бошқа қисмлари учун “маъруза” ўқишни тўхтатишга чақирди. Агар уюшма Россия ва Хитой таъсири кенгайишига қаршилик қилмоқчи бўлса, ривожланаётган мамлакатларга кўпроқ ҳурмат кўрсатиши керак, деди у.
Чжан Мин: Қозон – жуда чиройли шаҳар
БРИКС саммитига ташриф буюрган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) раиси Чжан Мин “РИА Новости”га берган интервьюсида Қозонга илк бор келганини таъкидлаб, шаҳар ораста, кўп асрлик тарихга, бой маданиятга эга эканини эътироф этди.
– Бу ерда турли динлар ўзаро бақамти, бир-бирини ҳурмат қилади, – деди у.
Украина Президенти БМТ Бош котибини БРИКС саммитига ташрифи учун танқид қилди
– Бирлашган Миллатлар Ташкилоти кунида (24 октябрь – БМТ куни – таҳририят) дунё ушбу ташкилот Низоми тамойиллари, тузилмани яратишдан кўзланган мақсадни унутмаслиги муҳим, – деб ёзди у ижтимоий тармоқда. – Гарчи баъзи амалдорлари БМТ Низоми мазмунидан кўра, Қозонни афзал кўрсалар ҳам.
С.Раҳимов, ЎзА